"Манчестер Юнайтед" марказий ҳимоячиси Лисандро Мартинес Аргентина терма жамоасининг АҚШдаги йиғинига етиб бориш учун қиролича Елизавета II вафотидан кейин ёпилган Лондондаги АҚШ элчихонасида виза ололмади.
Натижада у ҳужжатларни расмийлаштириш учун Буюк Британиядан Аргентинага учиши керак бўлди (масофа 12 000 километр). Энди, Аргентинанинг OLE нашрига кўра, Мартинес Майамига йўл олади ва яна 7280 километр масофага парвоз қилади.
Шундай қилиб, саёҳат давомида аргентиналик 19 000 километр масофани босиб ўтади. Таққослаш учун, Буюк Британиядан Майамига тўғридан-тўғри парвоз атиги 7000 километрни ташкил қилади.
Ушбу саёҳатлардан сўнг Мартинесга шанба куни эрта тонгда Гондурасга қарши ўйин олдидан жамоа билан машғулот ўтказиш учун бор-йўғи бир кун вақт бўлади.
Ва бу ҳали ҳаммаси эмас - у Нью-Йоркка (2000 километр масофа) учиш учун яна бир самолётга чиқиши керак, у ерда чоршанба куни (28 сентябрда) Аргентина Ямайка билан ўйин ўтказади.
Манчестерга қайтгунига қадар Мартинес жами 28 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади. Кейин эса 2 октябрь куни "Манчестер Сити"га қарши йирик ўйин олдидан "Юнайтед" билан машғулотларга қайтиши керак.
Агар Мартинес буларнинг барчасига қарамай формасини сақлаб қола олса ва Манчестер дербисида ўйнаса, бу чинакам қаҳрамонлик бўлиши мумкин.