Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Ардус» ўз тарихида илк бор Осиё чемпионатининг финалига йўл олди (ўйин шарҳи)

Баҳо:
+ | -

Кувайт мезбонлик қилаётган футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида илк бор ярим финалга қадар етиб борган Тошкентнинг «Ардус» клуби ғалабали юришини давом эттириб, ўз тарихида илк бор финалда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бу йўлда Қатарнинг «Ал-Райян» клубини имтихон қилган Александр Петров шогирдлари 3:1 ҳисобида муваффақият қозонишди. Энди «Ардус» ҳал қилувчи ўйинни 6 июль куни Эрон чемпиони «Санае Гити Пасандом» клубига қарши ўтказади. Қайд этиш керак, форслар ярим финалда Япониянинг «Нагоя Оушенс» клубини 6:3 ҳисобида таслим қилишди.

Осиё чемпионатининг саралаш босқичига Тошкент мезбонлик қилганда ҳам «Ардус» ва «Ал-Райян» клублари ўзаро тўқнаш келишган ва унда тошкентликлар 9:1 ҳисобида муваффақият қозонишганди. Ҳал қилувчи ўйин йўлидаги беллашув осон бўлмади. Бунга сабаб қилиб, қатарликлар сафига бир қатор янги ва маҳоратли футзалчилар келиб қўшилганини кўрсатиш мумкин. Улар орасида Испаниянинг «Пуэртольяно» клуби шарафини ҳимоя қилган япониялик футзалчи Акиру Минамотони ажратиб кўрсатиш мумкин. «Ал-Райян» мазкур ўйинчини ижара асосида клубга таклиф қилганди. Шунингдек ҳимоя қўрғонида фаол ҳаракатлари билан ажралиб турган мисрлик Амро ҳам Қатар чемпионининг ярим финалга қадар етиб келишида катта ҳисса қўшди. Бу борада испаниялик Антонио Хесус Санчесни унутиш адолатдан бўлмайди. Айнан мазкур трионинг «Ал-Райян» либосини кийиши жамоа ўйинига ижобий таъсир кўрсатгани яққол сезилди.

ОФК президенти вазифасини бажарувчи Жанг Жилонг ҳам кузатиб борган ўйинни ҳар икки томон футзалчилари фаол бошлашди. Дастлабки зарба «Ардус» дарвозаси томон берилганди. Унда қатарлик футболчига озгина аниқлик етишмади.

Шундан кейин Тошкент клуби секин-аста ўзига кела бошлади ва асосий ролга ўтиб олди. Устунлик рақиб футзалчилари томон ўтиши билан «Ал-Райян» ҳимояланишни бошлади. Натижада «Ардус» тўла ҳужумкор футболга ўтиб кетган бўлса, қатарликлар қарши ҳужумдан ўз омадларини излаб кўришди.

Ўйинда ҳисоб «Ардус» футзалчилари томонидан очилди. 9-дақиқага келиб қатарлик футболчилар «Ардус»нинг испаниялик легионери – Жонатан Эрнандезга зарба имкониятини яратишди. Испаниялик футзалчининг кучли зарбаси йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўла олганди, бироқ тўп Артур Юнусовнинг оёғига келиб тушди. Ўз навбатида мамлакатнинг энг яхши тўпурари қулай имкониятни кўкка совурмади – 1:0.

Мазкур гол Юнусов учун турнирдаги дебют эди. Бу ўз навбатида финал олдидан ҳужумчига қўшимча куч бериши катта эҳтимол. Юнусов жароҳати билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳаттоки Ўзбекистон терма жамоасига ёрдам керак бўлган пайтда Осиё чемпионатини ҳам қўйиб юборишга мажбур бўлди.

Бевосита ўйинга қайтилса, биринчи бўлимда устунлик тўлиқ тошкентлик футзалчилар томонида бўлди. Иккинчи бўлимда клубга осон бўлмади. Уни бошлаб берувчи ҳакам ҳуштаги чалинганига икки дақиқа ҳам ўтмай «Ал-Райян» ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди – 1:1.

Голдан руҳланган қатарликлар кетма-кет ҳужумлари билан ёдда қолишди. Улар хаттоки иккинчи голни уриб, ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишлари мумкин эди. Ҳужумларнинг сезиларли қисмида «Ал-Райян» футзалчиларига аниқлик етишмаган бўлса, қолганида дарвозабон Рустам Умаров ўз маҳоратини намойиш қилиб, жамоасини бир неча бор муқаррар голдан қутқариб қолди.

31-дақиқа «Ардус» футболчиларига омад олиб келди. Шуҳрат Тожибоевнинг бурчакдан етказиб берган аниқ пасини Дилшод Ирсалиев рақиб дарвозасига йўллаб, турнирдаги голлари сонини 7тага етказиб олди – 2:1. Айни пайтда Ирсалиев тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринда бормоқда. Эроннинг «Санае Гити» клуби аъзоси Исмоилпур Аҳмад 9та гол билан бу борада энг яхши тўпурар бўлиб турибди.

«Ардус» олдинга ўтиб олганидан кейин Қатар клуби 36-дақиқадан бошлаб дарвозабон ўрнига бешинчи футзалчини майдонга туширди. Бу эса «Ал-Райян»га самара бергани йўқ. Аксинча, 39-дақиқага келиб Ўзбекистон чемпиони Қатар клуби дарвозасига учинчи бор йўл топишга эришди. Шуҳрат Тожибоев ўз голи билан учрашув ғолиби ким бўлиши борасидаги таҳминларни кун тартибидан олиб ташлади. Қийин ва муносиб ғалаба!

5 июль
Ярим финал
«АРДУС» (Ўзбекистон) - «АЛ-РАЙЯН» (Қатар) 3:1 (1:0).
Голлар: Артур Юнусов (9), Дилшод Ирсалиев (31), Шуҳрат Тожибоев (39) – Саъд Ал-Шаҳвони (22).
Огоҳлантиришлар: Антонио Хесус Санчес (22), Акира Минамото (29), Али Ал-Сабоҳ (30), Рашид Ал-Боинин (37).

Ардус: Дарвозабон:
20.Рустам Умаров: ўйинчилар: 2.Дилшод Ирсалиев, 9.Андрей Шлема (с), 10.Жамолиддин Шарипов, 14.Константин Свиридов.
Захирадагилар: Дарвозабон: 12.Николай Кравченко; ўйинчилар: 4.Нодир Элибоев, 15.Фарход Абдумавлонов. 5.Жонатан Эрнандес, 11.Артур Юнусов, 6.Жавлон Аноров, 17.Шуҳрат Тожибоев.
Рўйхатга киритилмаганлар: 3.Шахзод Буриев, 7.Дилшод Раҳматов.

Ал-Райян: Дарвозабон: 13.Бади Абдулла (с); ўйинчилар: 5.Антонио Хесус Санчес, 6.Амро, 8.Акира Минамото, 19.Ради Шамари.
Захирадагилар: Дарвозабон: 12.Абдулхади Ҳассан; ўйинчилар: 4.Саъд Ал-Шахвони, 7.Али Ал-Сабоҳ, 9.Ахмад Ал-Фаяд, 14.Рашид Ал-Боинин, 15.Саид Албулуши, 17.Хазем Салим.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 11:25, 06.07.2012.
Ўқилди: 5183 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.