Жорий мавсумнинг биринчи даврасини 4-ўрин билан якунига етказган Ғузорнинг “Шўртан” клуби қисқа муддатли танаффусга йўл олди.
Мавсум бошида БАТЭ ва “Сибирь” клубларидан ишлаган Белоруссиялик Игорь Криушенко жамоага таклиф этилиб, таркиб бир қатор кучли футболчилар билан бойитилди. Қишки ўқув-йиғин машғулотлари жараёнида БАА ва Туркия давлатларида йиғин ўтказилди. Бир қатор кучли клублар билан ўртоқлик учрашувлар ўтказилди.
Янги чемпионатнинг 1 ва 2-турларида ғалаба қозонган “Шўртан” кейинчалик ўз майдонида “Металлург”, “Насаф” жамоаларидан мағлубиятга учраган бўлса, Ғузорда “Олмалиқ” қаршилини енга олмади. Қолаверса, сафарда “Динамо” ва “Қизилқум” жамоаларидан мағлубиятга учради.
13 учрашувда майдонга тушган “оқ бўрилар” 6 та ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилган бўлса, 2 учрашувда муроса кўчасини танлашди ва 5 учрашувни эса бой берган ҳолда, турнир жадвалининг 4-поғонасини банд этишди. Энг ачинарлиси, Ўзбекистон Кубоги баҳсларининг 1/8 финалидан нарига ўта олмади.
Биринчи даврадаги муваффақиятсизликлар туфайли куни кеча клуб раҳбарияти навбатдаги йиғилишни ўтказди ва йил бошида катта умидлар билан таклиф этилган Игорь Криушенкони эгаллаб турган лавозимидан озод қилишди.
Бош мураббийлик постига эса жамоанинг эски-янги мураббийи, 2010 йилги мавсумда клубни 4-ўринга етаклаб кела олган, ОФК Кубоги баҳсларида 1/8 финалгача чиқишига катта ҳисса қўшган ва Ўзбекистон Кубоги-2010 финалига “Шўртан”ни олиб келган Эдгар Гессни бош мураббий этиб тайинлади.
Кеча, “Шўртан”-“Бунёдкор” жаомалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, “Шўртан” футболчилари давралар оралиғидаги танаффусга йўл олишди. “Аввало, клуб раҳбарлари менга ишонч билдирганликларидан миннатдорман! Иккинчи даврага тайёргарлик режалари ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоанинг айни пайтда жисмоний ҳолати талаб даражасига жавоб бермайди. Шунинг учун тайёргарликнинг катта қисмини жисмоний ҳолатни тиклашга қаратамиз”- дейди Эдгар Гесс.
Эслатиб ўтамиз, Эдгар Гесс бошчилигидаги “Шўртан” иккинчи даврага тайёргарликни 13 июл кунидан бошлайди ва “оқ бўрилар” иккинчи даврадаги дастлабки учрашувларини 3 август куни ўз майдонларида Зарафшоннинг “Қизилқум” жамоасига қарши ўтказади.