Ёзда "Ювентус" таркибни кучайтириш учун кучли трансфер кампаниясини амалга оширди. Турин клубига ярим ҳимоячилар Филип Костич, Поль Погба ва Леандро Паредес, ҳимоячилар Бремер ва Андреа Камбясо, вингер Анхель Ди Мария ва ҳужумчи Аркадиш Милик келиб қўшилди.
“Бьянконерилар” жамоани Италия футболи чўққисига қайтариш учун уни жиддий равишда кучайтирдилар. 2022/23 йилги мавсумнинг биринчи ўйини мухлислар учун ёрқин истиқболларни тақдим этди. "Ювентус" "Сассуоло"ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Аммо шундан сўнг туринликлар аввалига "Сампдория" билан голсиз дуранг ўйнади, кейин эса "Рома" билан 1:1 натижасини қайд этди.
"Бьянконерилар" "Специя"ни мағлуб этди (2:0), шундан сўнг улар доимий равишда очко йўқотдилар. Италия чемпионатининг сўнгги ўйинларида Массимилиано Аллегри шогирдлари “Фиорентина” (1:1) ва “Салернитана” (2:2) билан дуранг ўйнади. Халқаро ўйинлар учун танаффус олдидан “Ювентус” “Монца”га (0:1) мағлуб бўлди.
“Ювентус” ҳозирда А Серия турнир жадвалида 8-ўринда бормоқда.Улар пешқадам “Аталанта” ва “Наполи”дан 7 очкога ортда қолиб кетишди. Ҳозирча Скудетто ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмас. Бундай натижалар билан туринликлар ҳеч бўлмаганда кейинги мавсумда Чемпионлар лигасига йўл олишга уринади.
Дарвоқе, Аллегрининг шогирдлари Чемпионлар лигасида ҳам муваффақиятсизликка учради. Икки турдан кейин “Ювентус” бирорта ҳам очко ололмади. Дастлаб “ПСЖ”га, кейин эса “Бенфика”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Аллегрининг айтишича, жамоанинг ёмон натижаларнинг асосий сабабларидан бири кадрлар муаммоси. Жамоада жуда кўп жароҳатланган футболчилар бор, аммо уларнинг деярли барчасини алмаштириш мумкин.
Чемпионлар лигаси финалчиси, Европа лигаси ғолиби ва А Сериянинг энг яхши ҳимоячиси жамоага қўшилди, аммо бундан ҳозирча натижа йўқ. "Ювентус" деярли ҳар бир ўйинда гол ўтказиб юбора бошлади.
Туринликлар хавфли вазиятларни яратишда ҳам, ҳужумларни якунлашда ҳам муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирда жамоа 9 та гол урди. (ҳар бир ўйинда 1,29 та гол), бу А Сериядаги 8-натижадир.
Дарвозага зарба бериш бўйича "Ювентус" чемпионатда атиги 10-ўринда (25та зарба). Тўпга эгалик қилиш бўйича ҳар бир учрашувда ўртача ҳисобда туринликлар А серияда 10-ўринни эгаллаб турибди. "Ювентус"да чиндан ҳам кадрлар билан муаммоли ҳолат бор, лекин бундай клубда ҳар мавсумда 2 тадан таркиб бўлиши керак.
Яна бир нарса, Аллегри ижрочиларга жуда кўп ишонади. Мутахассис ҳар доим ҳам Б режасига эга эмас ва бу ҳозирги шароитда жуда зарур бўлиб турибди. Италиялик мураббийнинг таъкидлашича, у учун майдондаги гўзаллик алоҳида рол ўйнамайди, асосийси натижа. Аммо унинг жамоасида иккисини ҳам топиб бўлмаяпти.
Албатта, Аллегри “Ювентус”даги натижа учун жавобгар. Лекин ҳамма нарсани мураббийнинг бўйнига қўйиш адолатсизликдир. Клубда ҳеч бўлмаганда яна битта одам бор, унга кўп нарса боғлиқ. Бу президент. Сўнгги пайтларда Андреа Аньелли жуда кўп нотўғри қарорлар қабул қилмоқда, шунинг учун у вақти-вақти билан танқидларнинг бир қисмини ўзига олиши керак.
Жамоада ҳар йили мураббий алмашса, қандай барқарорлик ҳақида гапириш мумкин. Аньелли буни тушунди ва эски кунларни қайтариш умидида яна Аллегрини тайинлади. Аллегрининг муддатидан олдин истеъфога чиқиши Турин клубига улар кўтара олмайдиган даражада қимматга тушади. Ҳеч бўлмаганда ниманидир ўзгартиришга умид қилган "бьянконери" мураббийлар штаби аъзоларини алмаштириши мумкин.
Кадрларни тайинлаш Анеллининг кучли томони эмас. 2018 йилда у Италия футболидаги энг яхши функционерлардан бири Жузеппе Маротта билан ажрашди. "Ювентус"да у бош директор лавозимида ишлаган. 3 йилдан сўнг спорт директори Фабио Паратичи Туринни тарк этди. Маротта "бьянконери" билан 8 йил, Паратичи 11 йил ишлади. Улар биргаликда узоқ вақт ишладилар, шунда "Ювентус" чемпион жамоага эга бўлди. Энди улар жамоада йўқ.
Бунинг устига клуб катта молиявий йўқотишларга учради. “Бьянконери”нинг ўтган йилги йўқотиши 254,3 миллион еврони ташкил қилган. Бу Италия футболи тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Кетма-кет 5 йил давомида "Ювентус"нинг молиявий аҳволи ёмонлашмоқда. Туринликлар 2017/18 йилги мавсумда 19 миллион евро, 2018/19 йилги мавсумда 40 миллион, 2019/20 мавсумда 90 миллион, 2020/21 йилги мавсумда 210 миллион евро йўқотган. “Бянконерилар” ҳали ҳам коронавирус пандемиясининг таъсиридан азият чекмоқда. Бироқ, бошқа клублар инқироздан чиқиш йўлларини қидирмоқда, аммо "Ювентус" эмас.
Клубнинг молиявий аҳволини яхшилашга умид қилган Аньелли Европа Суперлигасини яратиш ғоясини давом эттирмоқда. Назарий жиҳатдан, бу лойиҳа ўз иштирокчиларига жуда кўп пул олиб келади, аммо унинг қачон амалга ошишини ҳеч ким билмайди. Ҳозирча функционернинг УEФА президенти билан фақат можароси бор.
Анелли ўз қарорларининг қурбонига айланди, энди вазиятни ўзгартириш осон эмас. Туринликлар барча жабҳаларда инқирозга учради: ўйинда, бошқарувда ва иқтисодиётда. “Бьянконерилар” эса бу даврдан қандай йўллар билан чиқиб кетишлари ҳозирча аниқ эмас.