Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси шу йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясидан 03/2811-сонли хат қабул қилиб олди. Унда мамлакат миллий терма жамоаси 10-21 ноябрь кунлари йиғин ўтказиши ва унинг доирасида ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши кўрсатиб ўтилган.
Бу Суперлига футбол клубларига май ойида тақдим этилган тақвим режанинг ўзгаришига олиб келади. Унга кўра, 26-тур учрашуви 19 ноябрь куни бўлиб ўтиши ҳамда Қатар мундиалига қадар чемпионат якунланиши керак эди. Лигада ўз мақсади сари ҳаракат қилаётган клубларнинг иш режасига салбий таъсир ўтказмаслик, қолаверса, ҳал қилувчи сўнгги тур олдидан танаффус юзага келмаслиги ЎзПФЛ учун муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, энг оптимал ҳолатда чемпионатни ФИФА кунларига қадар якунлаш варианти устида ишланди. Натижада сўнгги уч тур оралиғи қисқартирилди. Ишонамизки, тақвимдаги зичлик футбол мухлисларига янада қизиқарлироқ футбол учрашувларини тақдим эта олади.
Эндиликда 30 октябрь санасига режалаштирилган Ўзбекистон кубогининг финал ўйинидан кейинги тақвимда ўзгариш бўлади. Бунда 24-тур 2-3 ноябрь саналарида ўтади. Ўз навбатида 25-турдаги барча учрашувлар 7 ноябрга ва 26-турдаги барча ўйинлар 11 ноябрга белгиланади. 24-турнинг янада аниқроқ саналари эса кубокнинг ½ финал учрашувлари якунидан кейин эълон қилинади. Бунда кубок финалига йўл олган клублар иштирокидаги ўйинлар 3 ноябрь санасида, финалга чиқа олмаган жамоалар ўйини эса 2 ноябрда бўлиб ўтади.
24-турда Тошкентнинг тўрт клуби ҳам уй учрашувида иштирок этиши ЎзПФЛ учун нисбатан мураккаб ҳисобланади. “Бунёдкор” клуби “Жар” аренасидан фойдаланаётганидан келиб чиқиб, унинг 24-турдаги ўйини “Олимпик” иштирокидаги ўйин билан параллел келиши имконсиз. Агар “Бунёдкор” 24-турда Олмалиқдаги стадиондан фойдаланса, бунда Тошкентдаги ўйинлар сонини инобатга олган ҳолда режа ўзгариши мумкин. ЎзПФЛ бир шаҳардаги ўйинлар сони нисбатан камроқ бўлиши учун ҳаракат қилади.
Шунингдек, АГМК клуби ўз майдонида ҳаракат қилишидан келиб чиқиб, Олмалиқдаги стадиондан фойдаланиб келаётган “Сурхон” футбол клуби 25-турни ўтказиш учун ЎзПФЛ рўйхатидан ўтган бошқа стадионни Регламент талаби асосида мезбонлик учун тақдим этиши керак бўлади. Ўз навбатида “Олимпик” клуби ўз майдонида ҳаракат қилишидан келиб чиқиб, “Жар” стадионидан фойдаланиб келаётган “Бунёдкор” 26-турни ўтказиш учун ЎзПФЛ рўйхатидан ўтган бошқа стадионни Регламентда кўрсатилган муддатдан кечикмай мезбонлик учун тақдим этиши талаб этилади.
Ишчи режа бўйича ноябрь ойидаги тақвим қуйидги кетма-кетликда бўлади. Фақатгина шу ҳолатда Сречко Катанец бошчилик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг йиғини чемпионат иштирокчиларининг режасига минимал таъсир кўрсатади. Яъни, мавсум якунидан кейин Катанец ўзи истаган футболчилар билан бемалол машғулот ўтказиш имкониятига эга чиқади.
24-тур
2 ноябрь, чоршанба
ОЛИМПИК — МЕТАЛЛУРГ
ҚИЗИЛҚУМ — ҚЎҚОН-1912
2/3 ноябрь, чоршанба/пайшанба
ПАХТАКОР — СЎҒДИЁНА
ЛОКОМОТИВ — НАВБАҲОР
НАСАФ — ДИНАМО
НЕФТЧИ — АГМК
3 ноябрь, пайшанба
БУНЁДКОР — СУРХОН
25-тур
7 ноябрь, душанба
ПАХТАКОР — ҚИЗИЛҚУМ
АГМК — ОЛИМПИК
ҚЎҚОН-1912 — БУНЁДКОР
СЎҒДИЁНА — ЛОКОМОТИВ
СУРХОН — ДИНАМО
МЕТАЛЛУРГ — НАВБАҲОР
НАСАФ — НЕФТЧИ
26-тур
11 ноябрь, жума
ДИНАМО — ҚЎҚОН-1912
БУНЁДКОР — ПАХТАКОР
НЕФТЧИ — СУРХОН
ЛОКОМОТИВ — МЕТАЛЛУРГ
ОЛИМПИК — НАСАФ
НАВБАҲОР — АГМК
ҚИЗИЛҚУМ — СЎҒДИЁНА