Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби кўп йиллар давомида ўз хусусий стадионига эга бўлмай келди. Жамоа бир неча йил давомида "Уэбли"дан уй учрашувларини ўтказиш учун фойдаланиб турди. Бундан уч ярим йил олдин эса эски, ўйингоҳ ҳудуди - "White Hart Lane"да янги стадион қад ростлади ва фойдаланишга топширилди. Ушбу обьект клуб номи билан атала бошлади...
Стадион янги битказилган пайтларда клуб директори Дэниэл Леви у учун тўғри келадиган компания топиш устида бош қотира бошлаган. Стадион номи учун даъвогар компания машҳур бренд бўлиши ва катта пул таклиф этиши керак эди. Аммо бундай бўлмади. Стадион ҳозирга қадар "Тоттенхэм Хотспур" номи билан аталмоқда.
Сўнгги хабарларда айтилишича, клуб раҳбари Леви аллақачон янги компания топиб қўйган. У "Google" билан "ўта манфаатли" битим борасида музокаралар ўтказмоқда.
"Google" ҳозирга қадар спорт оламида бир қанча ҳамкорлик шартномаларига эга. Шулардан энг сўнггиси "Formula 1" пойгалари иштирокчиси бўлган "McLaren" билан имзоланган битим эди. Ушбу мултимиллий корпорация NBA ва MLB билан ҳам кенг тижорий ҳамкорликни йўлга қўйган. "Тоттенхэм" ўйингоҳи америкаликларни ўзининг сиғими ва унда бўлиб ўтадиган АПЛ ва ЕЧЛ баҳслари билан ўзига жалб этмоқда.
9 октябрь куни "шпорлар" стадиони Америка футболи доирасида "Грин-Бeй Пэкерс" ҳамда "Нью Йорк Жайентс" ўртасидаги баҳсга мезбонлик қилганди. 62,850 кишилик сиғимга эга ўйингоҳ, шунингдек, регби бўйича финал баҳслари ва Энтони Жошуанинг бокс бўйича Олександр Усик билан жангини ўтказиб берган. Қолаверса, у ерда тез-тез консертлар ҳам ўтказиб турилади.
"Тоттенхэм" АПЛдаги энг яхши даромадга эга жамоалар қаторида бешинчи ўринда туради. Клуб аллақачон жамоа либоси ҳомийси бўлган "AIA" ҳамда форма таъминотчиси "Nike" билан узоқ муддатлик шартномаларга эришган. Кейинчалик навбат, балки стадионга келар...
"Барселона" шу йили ўз майдони бўлган "Ноу Камп"ни "Spotify" номи билан аташ борасида келишувга эришганди. Бу орқали каталонияликлар ҳар йили 78 миллион фунт ишлаб топади. Худди шу каби "Тоттенхэм"нинг "Google" билан келишувга эришиши ҳам жамоанинг фойдасига ишлаган бўларди. Айни дамда эса бу иш устида жамоанинг тижорий бўлими бошлиғи Тодд Клайн ишламоқда. Клайнда яхшигина тажриба мавжуд. У ўтмишда Америкада "Майами" клубининг стадионини номлаш ҳуқуқи борасида "Sun Life Invenst" билан келишувга эришиб, жамоага 228 миллион фунт фойда келтира олган.
ИСМАТОВ Ж.