«Барселона» бош мураббийи Хави Чемпионлар Лигаси 4-тури доирасида кечган «Интер»га қарши ўйиндан сўнг (3:3) ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Биринчи бўлим яхши ўтди. Биз нафақат марказ, балки турли позициялардан ҳужум қилдик. Ўйин назорат остида эди. Бироқ иккинчи бўлимда хатоларга йўл қўйдик.
Дастлабки ўтказиб юборилган гол бизни руҳан синдирди. Иккинчи ўтказиб юборилган гол эса бу даражада осон бўлмаслиги лозим эди. Бу қимматга тушади. Ҳаракат қилдик, бироқ ўхшамади.
Агар сен ўз уйингда «Интер»ни мағлуб этолмасанг, сенда ҳатто хаёлий имконият бўлса ҳам, турнирни давом эттиришга лойиқ эмассан. Бизда озгина умид бор, лекин вазият осон эмас. Бу биз учун жуда оғир зарба. Энди «Реал» ҳақида ўйлаймиз.
Бизда ҳали ҳам рақобат мавжуд. Чемпионлар Лигасини бир четга суриб, бор эътиборимизни Ла Лигага қаратамиз, биз у ерда юқори поғонада қолишни истаймиз. Хатолар туфайли ЕЧЛда ўзимизнинг энг яхши версиямизни кўрсатишнинг имкони бўлмади", — деди Хави.
Ушбу дуранг натижадан сўнг «Барселона» C гуруҳида 4 очко билан 3-ўриндан, «Интер» эса 7 очко билан 2-ўриндан жой олди. Кейинги турда «Интер» «Виктория» устидан ғалаба қозона олса, кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилади. Чунки ўзаро ўйинларга кўра «нераззурилар» олдинда. «Бавария» (12 очко) эса муддатидан аввал плей-офф масаласини ҳал қилган.