Аргентина терма жамоаси ва "ПСЖ" клуби ҳужумчиси Лионель Месси Бразилия ва Францияни бўлажак жаҳон чемпионатидаги ғалабага асосий даъвогарлар деб ҳисоблайди.
“Фаворитларга келсак, Бразилия, Германия, Франция, Англия, Испания каби йирик жамоалар бор ва баъзиларини унутганимга аминман. Аммо бир-иккитасини алоҳида ажратиш керак бўлса, бугун Бразилия ва Франция бу жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш учун иккита асосий номзод деб ўйлайман”, — дея Мессининг сўзларини келтиради RMC Sport.
35 ёшли Месси Аргентина терма жамоаси сафида 2005 йилда дебют қилган. Ўшандан бери 164 та ўйинда ҳужумчи 90 та гол урди ва 51 та голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчи терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.
Қатардаги жаҳон чемпионати 20 ноябрдан 18 декабрга қадар бўлиб ўтади.