"Арсенал" 10-турдан кейин ҳам АПЛ етакчиси бўлиб қолмоқда. Бунда жамоанинг "Лидс"га қарши ўйиндаги ғалабаси катта ёрдам берди. Бу ҳақида "тўпчилар" посбони Эрон Рамздейл фикр билдириб ўтди. У шундай дейди:
"Мен жамоамизнинг даражаси ошган деб биламан ва бундан хурсандман. Шахсан мен ўзимга нисбатан жуда ҳам талабчанман. Мавсум бошидан буён ўтказиб юбораётган голларим сабаб ўзимни танқид қилиб келдим. Чунки эртаси куни, албатта мендан бу ҳақида сўрашади. Бугун жамоага ёрдам бера олдим ва бундан фақат шодман. Ғалаба завқи менга ёқади. Уч очко биз учун ўта зарур эди ва уни олдик".
Рамздейлдан сейвлари ҳақида сўралганида, у шундай дейди: "Биласизми, бир лаҳза эплай олармикинман деган ҳаёл келади. Аммо сиз дарвозабонсиз ва ўз ишингизни қилишингиз керак. Бунга мажбурсиз. Ҳар қандай вазиятда имкониятлар элликка эллик бўлади. Дуэлларда ғолиб чиқдим ва бу менга ижобий таъсир қилди. Ўйлайманки, кейинги баҳсларда ҳам шу йўсинда давом эта оламиз".
"Лидс" ҳамда "Арсенал" баҳси 1-0 ҳисобидаги меҳмонларнинг ғалабаси билан тугаган. Ўйин 40 дақиқа тўхтаб туриб, кейин яна давом эттирилган эди. Бунга бош ҳакам Крис Кавана ҳамда ёрдамчиларининг VAR'даги шериклари билан алоқани йўқотгани сабаб бўлган. Техник муаммо бартараф этилгач, ҳаммаси тугаган жойидан давом этди.
Баҳс ҳақида "Лидс" устози Жесси Марш ҳам фикр билдирди. У шундай дейди: "Баҳсда кўплаб воқеалар содир бўлди. Ҳиссиётларга тўла ўтган ўйинда йигитлар зўр ўйнашди. Эндиликда, жамоамиз билан яна йиғилишимиз, ушбу баҳсни таҳлил қилиб, жисмоний ҳолатни яхшилаб ўрганишимиз керак. Биз рақибдан яхшироқ эдик. Аммо ҳозир фақат кейинги баҳсларни ўйлашимиз лозим. Мавсумнинг қолган ўйинларидан максимум фойдаланиш керак".
Эслатиб ўтамиз, айни дамда "Арсенал" 27 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлса, "Лидс"да 9 очко мавжуд ва улар 15 ўринни банд этган.
ИСМАТОВ Ж.