Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон

Серхио Бускетс: «Бутун Испания ҳозирги «Фурия»дан умидвор»

Баҳо:
+ | -

Серхио Бускетс миллионлар ўйинининг барча сир-асрорларидан хабардор.

У тенгсиз футбол заковати ва техник салоҳияти билан Испания миллий жамоаси ва «Барселона» клубида ўз авлодининг энг яхши марказий ярим ҳимоячиларидан бирига айланди. Айтиш мумкинки, Серхио охирги 15 йил ичида ярим ҳимоя позициясини ўзига хос мастер-сабоқлар эвазига янада ёрқинлаштирди. Бускетс ўша Хосеп Гвардиола тузган даҳшатли «Барса»нинг асосий «фигура»лари қаторида эди - ўта ҳужумкор тизимнинг мудофаа лангари! Серхио шунинг баробарида ЖАР-2010 мундиалида ўз тарихидаги энг шонли саҳифасини ёзган Испания миллий жамоасида устун мисоли гавдаланди. Луис Энрике бошқарувида Қатар-2022 мундиалига шайланаётган «қизил фурия» таркибида ўша чемпион жамоадан бир киши қолди - айнан Серхио Бускетс. Тажрибали футболчи ёнида энди Хави ва Андрес Иньеста каби мўъжизавий ижодкорлар эмас, Педри ҳамда Гавидек мегаиқтидорлар бор. Шубҳасиз, Бускетснинг жойи ҳамон бошланғич таркибда, у жамоа сардори сифатида авлодлар алмашуви жараёнидаги асосий шахсдир. Хўш, тажрибали ярим ҳимоячи навбатдаги муҳим турнир (катта эҳтимолки, ўзи учун охирги ЖЧ)га қандай умид боғламоқда? ФИФА расмий сайти «Барселона» фахрийсини суҳбатга чорлаб, шу масалага қизиқди.

- Анчадан буён Испания терма жамоасида ўйнаяпсиз. Айтингчи, «фурия»нинг бугунги таркиби қандай ҳолатда?

- Менимча, ҳаммаси жуда яхши. Мана, миллий жамоамиз анча ёшарди, муҳими, таркибда тажрибали футболчилар ҳам бор. Ўйлайманки, ёшлар шижоати ва тажриба уйғунлиги яхши ҳолатда. Дейлик, жамоада ҳамма ўз ролини билади ва ўйинга нимадир олиб киришни хоҳлайди. Қисқаси, айни пайт яна рақобатбардош жамоа сифатлари кўзга ташланмоқда. Ёш йигитларда ўйнаш иштиёқи баланд, улар улкан амбицияларга эгалар. Ўз навбатида, катталар ҳам иштиёқни ҳали йўқотган эмаслар. Тўғри, энди барчасини ЖЧ-2022 пайти амалда исботлаш қолмоқда. Йигитлар бу каби катта турнирлар тажрибасини ўзлаштиришга тайёрлар.

- Умуман, бўлажак жаҳон чемпионатида Испания терма жамоасидан нималар кутсак бўлади?

- Биз ҳар доим, ҳар қандай ҳолатда ҳам, максимал натижани кўзлаганмиз ва шундай бўлиб қолади. Бинобарин, испаниялик мухлислар биздан ҳамиша энг юқори нуқтага кўтарилишни талаб қилишади. Умуман, футболи ривожланган мамлакатда худди шундай бўлиши ҳам керак. Шубҳасиз, футболимиз тарихида энг яхши даврни ўтказдик - 2 марта Европа чемпионати ва бир бора жаҳон биринчилигида зафар қучдик. Тўғри, шундан сўнг бироз орқага кетиш кузатилди. Асосийси, айни жамоа мухлисларимизда яна умид уйғота олди. Ишончим комил, ҳозирда рақиблар ҳам «қизил фурия»га ҳурмат билан қарашади, мухлислар эса бизни чинакамига қўллаб-қувватлашади. Шундай экан, Қатарда ҳаммаси феноменал тус олишига умид ва ишонч йўқ эмас.

- Ҳозирги таркибда 2010 йилги чемпион жамоанинг ягона вакилисиз...

- Бу - ҳам футбол, ҳам ҳаётнинг ўзгармас қонуни! ЖАР-2010да жаҳон тожини кийган жамоанинг энг ёш футболчиларидан бири эдим. Энди эса таркибдаги энг тажрибали ўйинчилар қаторидаман. Шунча вақт рақобатга дош берганим ва мамлакатимиз бош жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келганимдан алоҳида фахрланаман. Умид қиламанки, биз яна ғалабалар сари юз бурамиз, тўғри, бу жуда қийинлигини ҳам яхши биламиз. Шахсан мен «фурия» катта вазифаларни бажаришга қодирлигини баралла айта оламан. Ҳар ҳолда, ҳозир жипслашган ва бино­йидек кучли жамоа шаклланганини кўриб турибман. Оддий айтганда, катта турнирларда яна узоқ-узоққа бориш имкониятига эгамиз, бунга ишонаман.

- Вақтида Хави ва Иньес­та каби сеҳргарлар ёнида ўйнагансиз. Бу катта футболчи сифатида ўсишингизда нечоғли роль ўйнаганини айта оласизми? 

- Тушунарлики, дунёнинг энг яхши футболчилари билан ўйнаш орқали тезроқ ривожланасиз, кўпроқ ўрганасиз, шунингдек, ноёб тажриба тўплайсиз. Менга шундай йўлдан юриш ва муваффақият қозониш бахти насиб этди. Хави ва Иньеста билан футболда имкони бор деярли барча совринларга эга чиқдик. Лекин бирор ғалаба осонгина келмагани ҳам айни ҳақиқат. Зеро, футболда муайян ижрочилар эмас, яхлит жамоа ғалаба қозонади. Шу маънода ҳозирги жамоадошларимдан ҳам мамнунман: улар ёш бўлишларига қарамай, ҳаммаси жамоавий ҳаракатларга боғлиқлигини теран тушуняптилар. Ишончим комил, ҳозирги кўплаб сафдошларим яқин келажакда буюк ўйинчилар бўлиб етишишади, жаҳон миқёсида энг зўрлар қаторига киришади.

- Қатарга жамоа фахрийси ва етакчиси мақомида борасиз. Шуни ҳисобга олсак, бўлажак ЖЧдан олдин босим сезиляптими?

- Тўғриси, бутун фаолиятим давомида босимни яққол ҳис қилганман. Ахир Испания миллий жамоаси ва «Барселона» клубидек элит дружиналар вакили ҳар куни янги синовга дуч келади. Демакки, мудом юқори даражани ушлаб туриш талаб этилади. Ўйлайманки, шу кунга қадар босимни муносиб енгиб ўтдим. Шунинг учун бугун ҳам жамоадаман, яхши мартабага эгаман. 

- Бош мураббий Луис Энрике сўнгги ўйинларда кўплаб янги футболчиларни амалда синаб кўрди. Улар қандай таассурот қолдиришди?

- Бир нарса аниқ - янги йигитлар клубларидаги ажойиб ўйинлари ва индивидуал сифатлари, услуб бўйича мураббий ҳамда миллий жамоага мос келишгани учун таркибга қўшилишди. Луис Энрике кўплаб интервьюлари ва матбуот анжуманларида айтганидек, ҳозирги босқичда ёш муҳим эмас, бу шунчаки, рақам. Қаранг, сафимизда Гави, Фати ва Педри каби ёшлар бор. Улар бежизга терма жамоада эмаслар - ўз иқтидорлари билан эътиборга тушдилар. Ўйлайманки, ёшларимиз ўйин­га нимадир олиб киришга қодирлар ва бу жамоани янада кучайтиради. 

- Айни пайт ҳали унча танилмаган, лекин жаҳон чемпионатида бирдан порлаб, барчани ҳайратга солишга қодир футболчи ҳам борми? Айнан кимдан шундай жасорат кутиш мумкин? 

- Ўйлашимча, Қатар мундиа­ли давомида биздан Педри барчанинг эътиборини ўзига қаратса керак. Айнан унда имконият кўп. Ҳарқалай, Педри жуда ёш бўлишига қарамай, салоҳиятини тўлиқ намоён қилишга улгурди, маълум даражада тажриба ҳам тўплади. Энди эса аслида қандай футболчи эканлигини халқаро миқёсда ҳам кўрсатади. Ким янги кашфиёт бўлиши мумкин? Келинг, шуниси сир бўлиб қолсин... 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 11:45, 20.10.2022.
Ўқилди: 2001 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.