ФИФА Жаҳон чемпионатига қадар, қатнашувчи жамоаларга, энг камида 35 та футболчи рўйхатини тузиб юбориш шартини қўйган. Рўйхат турнирга қадар сир сақланади ва 55 тагача ўйинчини ўз ичига олиши мумкин. Англия терма жамоаси ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Гарет Саутгейт ва унинг ҳамкасблари 14 ноябрга қадар 26 та асосий таркибда тушиши мумкин бўлган якуний рўйхатни шакллантириши лозим. Қуйида сиз билан Англия терма жамоасида кўришингиз мумкин бўлган ҳайратланарли номларни аниқлаймиз.
Бэн Уайт
25 ёшли "Арсенал" ҳимоячиси, ўзига бироз бегонароқ бўлган ўнг қанотда ҳаракат қилаётганига қарамасдан, мавсумни ажойиб тарзда ўтказмоқда. У марказий ҳимояни ҳам яхши эплайди. Саутгейт уни 2021 йилда ўтказилган Европа чемпионатида таркибга жалб қилганди. Айни дамда "Уч Шерлар" ўнг қанотда муаммоларга эга. Уайт эса бу камчиликни ёпиб бериши мумкин.
Жеймс Меддисон
Яқин пайтларда Меддисон борасида кўплаб мунозаралар бўлиб ўтмоқда. 25 ёшли "Лестер" ярим ҳимоячисини терма жамоага лойиқ дегувчилар кўп топилмоқда. Буни Саутгейт эътибордан четда қолдирмаслиги аниқ. Ахир Меддисон мамлакатдаги энг ижодкор футболчилардан бири.
Харви Эллиот
Эллиот "Ливерпул"да порлашда давом этмоқда. Агарда терма жамоада ҳаддан ортиқ рақобат бўлмаса, унга ҳам имконият берилиши мумкин. 19 ёшли ярим ҳимоячи 21 ёшли жамоа аъзоси саналади. Агарда Саутгейт унга эҳтиёж сезса, у ҳолда Эллиотда катта жамоада, катта турнирда дебют қилиш имконияти туғилади.
Рубен Лофтус-Чик
Саутгейт "Челси" юлдузини 2018 йилги мундиалга олиб борганди. Аммо Лофтус-Чикнинг кейинги ишлари унчалик ҳам юришмади. Аммо 26 ёшли ҳимоячининг кўп функциялилиги, унга Жаҳон чемпионатида қатнашиш имконини тақдим этиши мумкин.
Каллум Хадсон-Одои
Бир пайтлар кўпчилик уни Англиянинг келажаги деб атаган. Аммо Каллум, бу ишончни оқлай олмади. 21 ёшли ҳужумчи айни дамда "Байер Леверкузен" сафида ҳаракат қилмоқда. "Челси" тарбияланувчиси яқин бир ойда ўзини кўрсата олса, Жаҳон чемпионатига бориш имконига эга бўлиши мумкин.
Уан-Биссака
Англиянинг ўнг қанотдаги жароҳат билан боғлиқ муаммолари, Уан-Биссаканинг чақирув олишига олиб келиши, эҳтимолдан ҳоли эмас. Аммо бунинг учун, энг аввало, у "МЮ"да асосий жамоага жалб қилиниши керак бўлади. Уокер ҳамда Жеймс ўрнини босиш эса осон иш эмас.
Эберечи Эзе
"Кристал Пэлас" футболчиси бу мавсумда маҳсулдор ўйин намойиш этмоқда. 24 ёшли Эзе бу мавсумда АПЛ доирасидаги баҳсларда 2 та гол ва шунча ассист муаллифига айланган. У бир неча ой илгари жиддий жароҳат олганди. Аммо ҳозир Эзе билан ҳаммаси жойида ва Англияга ёрдам беришга тайёр.
Крис Смоллинг
32 ёшли ҳимоячи 2017 йилдан бери терма жамоага жалб этилмаётганди. Саутгейт уни таркибга киритмай қўйган. Унинг ўрнига Стоунз ва Магуайрдан фойдаланиш, афзал деб топилган. Аммо ҳозир вазият ўзгарди. Смоллинг Саутгейтга керак бўлади.
Дэн Берн
Берн Саутгейтнинг эътиборини ўзининг мослашувчан ўйини орқали торта олади. 30 ёшли ҳимоячи мудофаанинг исталган чизиғида ҳаракат қилиши мумкин. Унинг баланд бўйи эса Англияга стандарт вазиятларда асқотиши, турган гап.
Райан Сессеньон
22 ёшли футболчи чап қанотда ҳужумкорлик бахш эта оладиган вариант саналади. Агарда Триппьерга бирор нима бўлса, у ҳолда Сессеньон учун чақирув келиши мумкин. Аммо бунинг учун Люк Шоу ёки Бэн Чилвеллардан бири, жароҳат олиши ҳам керак бўлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Англия терма жамоасида мусобақани ютиш учун имкониятлар етарлича.
ИСМАТОВ Ж.