2023 йилнинг март ойида Ўзбекистон майдонларида бўлиб ўтадиган У-20 Осиё кубоги мусобақасига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, ЎФА ишчи гуруҳи томонидан ўйинлар ва машғулотлар бўлиб ўтадиган ҳудудлар ҳамда у ердаги мавжуд шароитлар ўрганилиб, ОФК стандартига мос келишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Айни кунларда Осиё футбол конфедерацияси делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди. Бугун ОФК делегатлари ва ЎФА ташкилий қўмита вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюришди.
Кун тартибига кўра, дастлаб ҳудуддаги футбол инфратузилмаси инспекция қилинди ҳамда вилоятнинг бош стадиони «Истиқлол»га кўздан кечирилди. Стадионнинг кийим алмаштириш хоналари ва матбуот анжумани ўтказиладиган заллар ўрганилди. Делегация вакиллари барча ташкилий-маъмурий зоналарни, хусусан, ОФК стандарти асосида қайта ташкил этилган мутлақо янги медиа трибуна ва матбуот анжумани ўтказиладиган хоналарни кўздан кечиришди.
Шунингдек, жамоалар машғулот ўтказадиган майдонларнинг ҳам ОФК мусобақалар ўтказиш стандартига мувофиқлиги текширувдан ўтказилди. Бу борада мутасаддиларга майдонларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги яна бир бор эътироф этилди, режага мувофиқ кейинги қилиниши керак бўлган вазифалар юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, мухлисларга яратилган қулайликлар кўздан кечирилди. Йирик турнирларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланган тиббий тайёргарлик ҳамда ВАР учун зарур бўлган шароитлар назоратга олинди.
ЎФА вакиллари Фарғонага ташриф давомида вилоятда футбол ривожига ҳисса қўшган бир қатор фахрийларни ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан фахрий нишон ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирладилар.