“Барселона” марказий ҳимоячиси Жерар Пике Испания терма жамоасининг 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган 55 нафардан иборат терма жамоасига киритилди, деб хабар беради Marca.
Манба берган хабарга кўра, футболчи сўнгги пайтларда терма жамоадан узоқда бўлганига қарамай, бош мураббий Луис Энрике томонидан "ПСЖ" ҳимоячиси Серхио Рамос билан бирга финал турнирига йўл олиш учун танлаб олинган 55 нафар номзоддан бирига айланди.
Шунингдек, рўйхатга кириш Пике ва Рамоснинг жаҳон чемпионатида иштирок этишини кафолатламайди, чунки Энрике Аймерик Лапорт (“Манчестер Сити”), Иньиго Мартинес (“Атлетик” Бильбао), Пау Торрес (“Вильярреал”), Диего Льоренте (Реал Сосьедад) каби вариантларни афзал кўриши мумкин.
Олдинроқ кенгайтирилган рўйхатга "Манчестер Юнайтед" дарвозабони Давид де Хеа киритилмагани маълум бўлганди.
Испания "E" гуруҳида Германия, Япония ва Коста-Рика билан ўйнайди. Қатардаги жаҳон чемпионати 20 ноябр куни Қатар – Эквадор учрашуви билан бошланади.