Хабарингиз бор, куни кеча бир ярим мавсум мобайнида “Насаф” шарафини ҳимоя қилиб келган сербиялик ҳимоячи Боян Малишич Украинанинг “Говерла” жамоаси билан шартномага имзо чекди. Хўш, аслида ушбу футболчи қай тариқа “аждарлар” сафига қўшилганди? “Говерла”га ўтиши қай тарзда рўй берди? Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритамиз.
Малишич “Насаф”да қай тариқа пайдо бўлганди?
Қисқа вақт ичида қаршилик ишқибозларнинг ёқимтойига айланиб қолган футболчи қай тарзда “Насаф”дан ўрин олди? 2011 йилги мавсум аввалида клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига учта фронда ҳам энг юқори чўққиларни эгаллаш мақсад қилиб қўйилди. Натижада украиналик мутахассис Анатолий Демяненко кучли жамоани шакллантириш мақсадида таркибга нафақат маҳаллий футболчиларни, балки кўплаб легионерларни жалб этди. Жамоа 2011 йилги ўқув-йиғин машғулотларини дастлаб БААда, кейин эса Туркияда давом эттирди. Айнан ўша йиғин давомида Демяненкога футбол агентлари кўплаб футболчилар қаторида Малишични тавсия этишди ва у айнан ўша йиғинда жамоа сафига келиб қўшилди. Туркиядаги назорат учрашувлари мобайнида Боян ҳимоячиларга хос барча хислатларини намойиш этди: вазиятни ўқий олиши, рақибдан тезкорлик билан тўпни олиб қўйиш ва ҳ.қ. Шу боис Анталиянинг ўзида Боян Малишич “Насаф” билан бир йиллик шартномага имзо чекди.
Мухлислар ёқимтойи
Бир ярим мавсум мобайнида “Насаф” шарафини ҳимоя қилган футболчи тезлик билан жамоага киришиб кетди ва клуб тарихидаги ёрқин мавсумда мураббийлар ва мухлислар ишончини тўла тўкис оқлади. У нафақат майдондаги фаол хатти-ҳаракати билан, балки майдон ташқарисида ҳам, мухлислар билан ҳам дўстона муносабатни йўлга қўя олди. Шу боис қаршилик фанатлар кўпига учрашувларда айнан унинг сурати туширилган баннерларни кўтариб, унга бўлган ўзига хос эҳтиромларини намойиш этишди. 2011 йилги мавсумда Боян “Насаф” билан миллий чемпионат баҳсларида кумуш медал, ОФК кубогида олтин медалларини қўлга киритди. Жамоасининг Ўзбекистон кубогининг финалигача етиб боришига муносиб ҳисса қўшди. Шу боис мухлислар йил якунида ушбу футболчини бир овоздан “ энг яхши ҳимоячи” дея эътироф этишди.
2012 йилги мавсум бошида Боян “Насаф” билан янги шартномага имзо чекди ва энди у яна икки мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилиши лозим эди..
“Говерла” варианти қаердан пайдо бўлди?
25 июнь куни “Насаф” футбол клуби электрон почтасига Украинанинг “Говерла” жамоаси бош директори И.Т Шиц имзоси билан расмий хат келади. Унда Украинанинг “Говерла” клуби “Насаф”нинг сербиялик ҳимоячиси Боян Малишичга қизиқиш билдираётгани ва ўқув-йиғин машғулотларда иштирок этиш учун таклиф қилинганди. Шу ўринда савол туғилади: нега айнан “Говерла” (Украина) жамоаси Малишичнинг хизматларига қизиқиб қолди?
“Насаф” футболчилари жорий мавсум аввалида иккинчи хориж йиғини чоғида Туркиянинг Анталия шаҳридаги назорат учрашувларидан бирини айнан “Говерла” жамоасига қарши ўтказишганди (http://fcnasaf.uz/view/566/). Гарчи беллашув жамоамизнинг мағлубияти билан якунланган бўлсада, ўшандаёқ Малишичнинг хатти-ҳаракати ужгородликлар мураббийларини қизиқтириб қолган бўлса ажаб эмас. Ҳали у пайтда ужгородликлар Украина биринчи лигасида иштирок этишар, премьер-лигага чиқиш асосий мақсадларидан бири эди. Мавсум якунида “Говерла” жамоаси ўз мақсадига эришди ва 2012-2013-мавсумни премьер-лигада бошлайдиган бўлди. Натижада жамоа таркибини кучайтириш мақсадида таркибга бир қатор футболчилар қаторида Малишич ҳам таклиф қилинди...
Биринчи давранинг сўнгги учрашувини “Насаф” футболчилари ўз майдонларида “Олмалиқ” билан ўтказишди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўша учрашув якунлангач, Боян мухлислар ўтирган 8-сектор томон йўл олди ва анъанасига содиқ тарзда футболкасини ишқибозларга совға қилди. Ўшанда кўпчилик сербиялик футболчининг бу ҳолатидан ажабланмаганди. Сабаби мухлислар Бояннинг бир ярим йиллик фаолияти давомида бир неча бор бу каби ҳолатларга дуч келишганди. Ўшанда Боян “Насаф” сафидаги охирги ўйинни ўтказгани ва ўзига хос тарзда мухлислар билан хайрлашганини ҳеч ким билмасди. Ўша кунги учрашувдан кейин Боян клуб базасида футболчилар билан хайрлашди. Эртаси куни Тошкент-Киев йўналиши бўйича Украина пойтахтига йўл олди.
Трансфер жараёни
4 июль куни “Говерла” футбол клуби расмий веб-сайти сербиялик Боян Малишич билан жамоа билан 3 йиллик шартномага имзо чекканлиги ҳақидаги хабарни тарқатди. Аммо бу ҳақда “Насаф” расмий веб-сайтида деярли ҳеч қандай янгилик берилмади. Фақатгина жамоа иккинчи даврага тайёргарликни Малишичсиз давом эттираётганлиги ҳақида хабар эълон қилинди. Бунинг ўзга яраша сабаблари ҳам бор эди. Гарчи ҳар куни бу масала билан шуғулланаётган клубимиз спорт директори Владимир Бондаренкога мурожаат қилсамда, ҳали музокаралар давом этаётгани ва томонлар бир тўхтамга келгач, расман маълум қилинишини билдирди. Шу боис бу борада кўплаб сайтларда турли хил хабарлар кўпайди. Ва ниҳоят якунланаётган ҳафтанинг иккинчи ярмида “Малишич иши” ҳал бўлди. Шу боис Украина премьер-лигасида 1-турни ўтказиб юборишга мажбур бўлган футболчи кеча, 21 июль куни ўтказилган 2-тур учрашувида жамоасининг ўз майдонида “Шахтёр”га қарши кечган учрашувда Украинада ўзининг дебют ўйинида майдонга тушди ва 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима сабабдан деярли алиштириб бўлмайдиган ўйинчини “Насаф” раҳбарияти осонлик билан бошқа жамоага ўтишига йўл қўйиб беришди? Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистонда биринчи давра якунланмасидан туриб “Говерла” мутасаддилари Малишичнинг агенти (Зоран) билан алоқага чиқишган. Ўз навбатида Зоран бу таклифни мижозига маълум қилган. Албатта ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай футболчи имконияти борича ўз кучини кучли биринчиликда синаб кўришни ҳохлайди. Бу табиий жараён. Шу боис ҳам Боян бунга розилик берган. Натижада футболчининг агенти юртимизга келиб ва футболчининг Украина жамоасига ўтиши борасида музокарага киришган...
Шу тариқа Бояннинг “Насаф”даги фаолияти ниҳоясига етди. Атиги бир ярим мавсумда Малишич “Насаф” ҳимоясининг ишончли қўрғонига ва қаршилик ишқибозларнинг анча вақт кўнглида сақланиб қоладиган суюклисига айланди. Омад сенга ёр бўлсин, Боян!
Боян Малишичнинг "Насаф" таркибидаги статистикаси:
Ўзбекистон чемпионати 2011 йил: жами ўйин - 21, дақиқада - 1845, огоҳлантириш - 5 та сариқ карточка.
ОФК кубоги 2011 йил: жами ўйин - 10, дақиқада - 900, огоҳлантириш - 2 та сариқ карточка
Ўзбекистон чемпионати 2012 йил: жами ўйин - 13, дақиқада - 1170, огоҳлантириш - 3 та сариқ карточка
Азиз НУРИЙ,
“Насаф” ПФК матбуот котиби.