Санъат Шариповнинг фикрларига Сервер Жепаров ўз муносабатини билдирганидан кейин футбол агенти бугун яна Твиттер орқали ўз фикрларини қолдирди.
"Ўртоқлар! Твиттер - бу ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида юз бераётган ҳодисаларни ўртоқлашиб турувчи сайт. Бу - ОАВ эмас. Жепаров мавзуси бу қадар чайналади деб кутмаган эдим. Афтидан Сервердан ҳам кўра, унинг вакилларига қаттиқроқ тегиб кетган кўринади. Аслида Твиттерда битта Сервер ҳақида эмас, балки футболчиларимиз ўз устида ишламаса, четга чиқа олмаслиги назарда тутилган эди. Лекин буни тушунган инсон тушунади", дея ёзади Санъат Шарипов.
"Одил Аҳмедов трансферида иштирок этиш режамда бўлмаган. Серверни Кореядан Саудия Арабистонига ўтиши билан боғлиқ таклиф билан чиққанман. Ҳақиқатан ҳам бу иш амалга ошмаган. Лекин мен у қадар паст инсон эмасманки, "доля" олмаганим учун бу нарсани ёзаётган бўлсам. Аслида менда ундан ҳам кўпроқ маълумотлар бор, аммо унинг сочи тикка, дўстларининг сочи янада тикка бўлмасин", дейди агент.
"Биз XXI асрда яшаяпмиз ва ҳар бир маълумот шаффоф бўлиши керак. Жепаров қимматга сотиб олиниб, кейинчалик трансферга қўйиб юборилиши мумкин бўлган биринчи ва сўнгги ўйинчи эмас. Бундан фожиа ясамаслик керак. Ҳар бир танқидни одам қабул қилишга ўрганиши керак. Агентлик регламенти ҳақида қайси саволларни берган эканки, унга жавоб бера олмабман. Ҳайронман. Хуллас, ҳар бир одам нимани твит қилса, унга ҳақли эканини яна бир бор таъкидлайман ва Сервер ҳам шунга ҳақли. Футболчиларнинг қандай об-ҳавода ўйнаши ва ҳоказолар менинг муаммоим эмас. Бу ўйинчининг профессионал вазифаси. Уни иссиқ ҳавода ҳеч ким мажбурлаб ўйнатаётгани йўқ. Серверга бу мавсум ҳам омад тилаб қоламан. Твиттерда футболчининг фаол бўлишига сабабчи бўлиб қолган бўлсам ажаб эмас. Яна бир футболчига энди мухлислар истаган саволлари билан мурожаат қилишлари мумкин", дейди Санъат ўз Твиттерида.
"Сўнгсўз ўрнида, биз агентлар ўйинчиларни истаган клубга жойлаштирадиган сеҳргар эмаслигимизни айтиб ўтмоқчиман. Шундай экан, мухлисларга бизнинг ўйинчиларни Россияга олиб бориб жойлаштириш қанчалик осон кўринса, бизга шунчалик кулгили кўринади. Баъзилар Play Station билан ҳақиқий футболнинг фарқига бормайдиган кўринади, шекилли", дея мавзуга якун ясайди С.Шарипов.