Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионатида ярим финал баҳслари доирасида кечки дастурдан ўрин олган жанглар бошланди.
Белграддаги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган Абдумалик Халаков қитъа чемпионатида мўғулистонлик Гантумур Лундаага қарши жанг ўтказди.
Ҳамюртимиз ўз услубида ҳаракат қилиб, биринчи раундни тоза ютиб олди. Мўғул боксчиси ҳисобда ортда қолаётганини ҳис этиб, таваккал қилганча олдинга ташланди. Абдумалик рақибнинг бу ҳамласини ҳам бартараф эта олди ва иккинчи бўлимни ҳам ўз фойдасига ҳал қилди.
Гантумурда ғалаба қозониш учун нокаут қайд этишдан бошқа вариант қолмади. У шу мақсад йўлида яна олдинга ташланди. Халаков ҳам қараб турмади ва рақибни қарши зарбаларда тутиб турди. Натижада бу бўлимда ҳам ватандошимизнинг ғалабаси қайд этилди. Якуний ҳисоб — 5:0 (30:27, 30:27, 30:27, 29:28, 29:28).
Финалга чиққан Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари сони тўрттага етди. Аввалроқ Саиджамшид Жаъфаров, Лазизбек Мулложонов ва ҲАсанбой Дўсматов финалга йўл олган, Шаҳзод Музаффаров, Атҳамжон Муҳиддинов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев ярим финалда енгилиб, бронза медалига эга чиққани хабар қилинганди.
10 ноябрь куни яна қуйидаги боксчилар ўз жангини ўтказади:
-63,5 кг: Руслан Абдуллаев — Чу Эн Лаи (Хитой Тайпейи) (21:00 дан сўнг)
-80 кг: Одилжон Аслонов — Омурбек Бекжигит улуу (Қирғизистон) (22:00 дан сўнг)
-92 кг: Мадиёр Саидраҳимов — Аҳмат Сулайман (Иордания) (22:30 дан сўнг)