Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тошкент вилоятида терма жамоалар учун марказ ташкил этмоқда. Ушбу марказни халқаро стандартлар асосида бунёд этиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир нечта давлатларнинг тажрибалари ўрганилмоқда.
Бугун ЎФА ишчи гуруҳи футбол инфратузилмаси билан танишиш, майдонлар ташкил этишнинг замонавий стандартини ўрганиш, ҳудудларда болалар ва оммавий футболни ривожлантириш, мураббийлар таълими ва бир қатор йўналишлар бўйича тажриба ошириш мақсадида Венгрия футбол федерациясида бўлдилар.
Дастлаб федерацияга тегишли терма жамоалар маркази ўрганилди. Маҳаллий мутахассислар халқаро стандартлар талабидаги майдонларни ташкил этиш, майсаларни парваришлаш, ёритиш тизими, стадионнинг техник-хавфсизлик томонларини тўғри йўлга қўйиш борасидаги тажрибалари билан бўлишдилар. Шунингдек, машғулот ва асосий майдонлар, трибуналар ва унга туташ ҳудудларни қуриш ҳамда майса парваришига алоқадор техникалардан фойдаланиш бўйича Венгрия андазаси ўрганилди.
Юртимизда қад ростлайдиган базада ҳам замонавий ресторан, реабилитация ва тиббиёт маркази, машғулотлар зали, ёпиқ спорт комплекси ва конференция хоналарини жиҳозлаш бўйича керакли тавсиялар олинди. Бундан ташқари, терма жамоалар марказида жойлашиши кўзда тутилган яшил ҳудуд ва футболчилар дам олиш масканининг лойиҳасига қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, бугунги учрашув давомида Венгрия футбол федерацияси вице-президенти Сандор Берзи иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар икки мамлакатда футболни ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, аёллар ва болалар футболи йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, мураббийлар таълими ва кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди. Бу борада ҳар икки тараф вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Учрашув якунида икки давлат футбол ташкилотлари мутасаддилари келгусида ҳам кенг доирадаги ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишиб олдилар.