Аммандаги бокс бўйича Осиё чемпионатида бугун эркаклар ўртасида финал жанглари бошланди. Ҳозиргина Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчилари ўртасида яна бир "класико" бўлиб ўтди. 57 кг. вазнда вакилимиз Абдумалик Халаков Серик Темиржановга қарши рингга кўтарилди.
Ўзига хос услубга эга бўлган ҳамюртимиз рақибга нисбатан кўпроқ аниқ зарбалар берган бўлса-да, биринчи раундда ҳакамларнинг 3 нафари қозоқ боксчисининг устунлигини эътироф этишди.
Шундан сўнг Абдумалик тажовузкорликни ошириб, аниқ ва кучли зарбалар сонини кўпайтирди. Натижада иккинчи бўлимда 4 ҳакам устунликни Ҳалаковга берди ва сўнгги раунд олдидан ўзбек боксчиси ҳакамларнинг овози бўйича 2:1 ҳисобида олдинга ўтиб олди (икки ҳакам дуранг қайд этиб турди).
Халаков учинчи раундда ҳам рақибининг эркин ҳаракатланишига имкон бермасликка интилди ва ўз мақсадига эришди. Якуний баҳолар — 4:1 (30:27, 29:28, 29:28, 29:28, 28:29).
Шу тариқа, Белграддаги ЖЧда кумуш медални қўлга киритган Абдумалик Халаков Осиё чемпионатида олтин медалга эга чиқди.