Бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу баҳс олдидан Қозоғистон футбол федерацияси президенти Адлет Барменкулов ЎФАга ташриф буюрди ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан учрашди.
Дастлаб Равшан Эрматов мамлакатлар ўртасидаги яқин қўшничилик алоқалари ҳамда футболни ривожлантириш борасида ҳаракатлар янги босқичга чиққанидан мамнун эканлигини билдирди. Ўз навбатида, Қозоғистон футбол федерацияси раҳбари Адлет Барменкулов янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканлигини айтди.
Учрашув давомида Икки давлатда футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, футбол ассоциациялари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қозоғистон футбол федерацияси ўртасида меморандум имзоланди.
Меморандумда икки мамлакатларнинг барча ёш тоифалардаги терма жамоалари ҳамда клублари иштирокида халқаро мусобақалар ва ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш бўйича бандлар мавжуд. Мураббийлар, ҳакамлар ва яна қатор йўналишлар бўйича футбол мутахассисларини тайёрлаш учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш, болалар футболини ривожлантиришга кўмаклашиш назарда тутилган.