Биласиз, сўнгги йилларда ЎзПФЛ клублар олдидаги инфратузилма бўйича талабларни қатъийлаштириб бормоқда. Натижада аксарият клубларимиз стадион ёритиш тизимини яхшилаб олишди. Эндиликда прожекторлар билан бир қаторда майдонлар сифатини яхшилаш бўйича ҳам клубларимиз жиддий иш олиб боришлари талаб этиляпти.
Шу сабаб жорий мавсумда Фарғонадаги «Истиқлол» стадиони, Тошкентдаги «Жар» ўйингоҳи, Бухородаги «Бухоро» спорт мажмуаси, шунингдек Урганч шаҳридаги «Хоразм» спорт мажмуаси майдони янгиланиб, яна мухлисларни ўз бағрида қабул қила бошлади.
Келаси мавсумда ҳам бу борада қатъий иш олиб бориш кўзда тутилмоқда. Жумладан, айни пайтда пойтахтимиздаги «Бунёдкор» стадионида майдон чимини янгилаш ишлари айни авж палласида.
Шунингдек, куни кеча Жиззахдаги «Сўғдиёна Марказий» стадионида ҳам чимни алмаштириш ишлари бошлаб юборилди. Жиззахдаги ўйингоҳнинг эски чими олиб ташланиб, даставвал дренаж тизими янгиланмоқда. Сўнгра стадионга янги чим ўтқазилади.