Криштиану Роналду билан яқин ҳафталар ичида юз берган воқеалардан ҳамманинг хабари бор. 37 ёшли футболчи "Манчестер Юнайтед"дан ачинарли тарзда кетди. Бу воқеа унинг Пирс Морганга берган "бомба" интервьюсидан кейин рўй берди. Энди унинг Манчестер шаҳрида қиладиган иши йўқ. Шу сабаб у ўз юртига қайтиши керак. Бу эса футболчининг Англиядаги оиласи ва уй жиҳозларини ҳам кўчириш кераклигини англатади.
Хабарларга кўра, Роналдунинг нарсаларини ташиш учун Манчестернинг Чешир мавзейига улкан юк ташувчи автомобил юборилган. Машина Роналдунинг 5 миллион фунтлик кошонасидан футболчининг "лаш-лушлар"ини йиғиб қайтиши керак эди. Аммо у мавзенинг тор кўчасига сиғмай қолган. Юк автомобили йўлдан бурилишда муаммога дуч келган шу сабабли, манзилга етмай, ортга қайтишга мажбур бўлган. Бир соатлик уринишлардан кейин, машинанинг муаммоли экани, у Чешир йўлларида юриш учун катталик қилиши маълум бўлган.
Эндиликда, бу ишни бажариш учун, ҳажми кичикроқ бўлган транспорт воситаси керак бўлади. У Роналдунинг хотини ва 5 фарзанди яшайдиган хонадонга етиб бориб, нарсаларни ортиб қайтиши лозим. Манчестердаги кошонада Роналдунинг 150 минг фунтлик "Cadillac Escalade" ҳамда 300 минглик "Bentley Flying Spur" русумидаги автолари бўлган. Улар пайшанба куни транспортёр орқали олиб кетилган эди. Роналдунинг Манчестердаги уйида, унинг ўзи қурдирган қиймати 50 минг фунтга тенг бўлган тренажор зали бор. Футболчи ва унинг оиласи 5 миллионлик кошонада ижара асосида, ойига 40 минг фунт тўлаб турар эди. "МЮ" билан битим тугатилганидан кейин, Криштианунинг уйида аллақачон кўчиш ташвишлари бошланиб кетган.
Роналду "МЮ"дан кетиши ҳақида шундай деганди: "Биз клуб билан келишган ҳолда шартномани тугатишга қарор қилдик. Менинг "Манчестер Юнайтед"га, клуб мухлисларига бўлган меҳрим ҳеч қачон ўзгармайди. Янги саргузаштлар излаш вақти етиб келган кўринади. "МЮ"га келажакда катта зафарлар тилаб қоламан".
Роналду, "МЮ" унга хиёнат қилганини, бош мураббий Эрик тен Хагни ҳурмат қилмаслигини баён қилгани сабабли ўз жамоасидан хайдалди. У айни дамда Қатардаги Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Унинг жамоаси биринчи турни Ганага қарши ғалаба билан тугатди (3-2).
ИСМАТОВ Ж.