Сербиялик "Насаф"нинг собиқ футболчиси Боян Малишич Украинадаги энг машҳур футбол сайтларидан бирига интервью берди. Ушбу интервьюда жамоани нега ва қандай ўзгартиргани, Демьяненко билан бирга қандай ишлагани-ю Ўзбекистонда футбол қанақа савиядалиги ҳақида гапирди.
— Боян, умуман "Говерла" варианти сизда қандай туғулди?
— Бу вариантни менга агентим таклиф этди, биз у билан маслаҳатлашдик ва мен Ужгородга келдим. Мен Украинага ўтганимнинг сабаби битта ва оддий, Украина менинг жонажон Сербиямга яқин, ҳар ҳолда Ўзбекистон уйимдан узоқроқда эди.
— Сизнинг собиқ мураббийингиз Анатолий Демьяненко "Волинь"га чақирмадими?
— Балки, у мени ўз жамоасида кўришни ҳоҳлагандир, лекин мен "Говерла"ни танладим, лекин ким билади, балки Демьяненко билан яна бирга ишлаш насиб этар.
— Демьяненкодан қандай таассурот қолди?
— Фақатгина яхши таассуротлар. У нафақат кучли мураббий, балки жуда яхши инсон хамдир.
— Сиз "Насаф"да Дмитрий Козаченко билан бирга ўйнагансиз, у билан алоқангиз қандай эди, зеро айни унинг жамоаси билан кейинги ўйинда ўйнайсизлар?
— Ҳа, уни яхши биламан, лекин Ўзбекистондан ташқарида у билан алоқада бўлмадим.
— Деямьяненко Украинага қайтганида Ўзбекситонда футбол кундан-кунга ривож топиб бораётганини айтган эди...
— Албатта, бунга мен ҳам қўшиламан. Ана биз ОФК кубогини ҳам қўлга киритдик. Миллий чемпионат ҳам анча кучли, албатта уни Украина билан солиштириш қийин.