Россиялик футбол мутахассиси Дмитрий Аленичев замонавий футбол юлдузлари — Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўртасидаги рақобатнинг бугунги натижаси ҳақида фикр билдирди.
«Сантуш жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бирини катта саҳнадан олиб қўйди. Боз устига, Роналдунинг ўзи ҳам сўнгги пайтларда кўп ишлашдан кўра кўпроқ гапираётганди. Биз буни дастлаб «МЮ»да, кейин эса Португалия терма жамоасида кўрдик. Матбуотда тарқатилган хабарга кўра, Криштиану Швейцарияга қарши ўйинда асосий таркибга кирмаслигини билгач, терма жамоа базасини тарк этишига бир бахя қолган.
Буларнинг барчаси футболчининг спорт формасига албатта таъсир қилади. Бир бўлим давомида рақиб дарвозаси томон атиги бир марта зарба бериш... Бу эса Криштиану оптимал формадан узоқда эканини яққол кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, ҳакамнинг ҳуштагидан сўнг у "кема"ни биринчи бўлиб тарк этди. Унинг жамоадошлари эса, кўзда ёш билан бўлса-да, мухлисларга миннатдорчилик билдиришди. Роналду кийиниш хонасида йиғлаб ўтирди...
Ахир сен жамоа билан бирга майдонда қолишинг керак! Ўз мухлисларингга миннатдорчилик билдир, барча билан биргаликда майдонни тарк эт. Мана шунда сен ҳақиқий сардор бўласан! Бу масалада Месси Роналдунинг акси. Жамоа муваффақиятсизликка учраган пайтда Лео биринчи бўлиб кийиниш хонасига кириб кетмаган бўларди.
Роналду терма жамоа сафида сўнгги ўйинини ўтказдими? Бунга шубҳам бор. У ҳали ўйнаса керак. Терма жамоага янги мураббий келса, у билан гаплашиб олади. Ҳар ҳолда Криштиану – муҳим фигура. Агар у кейинчалик терма жамоа либосида майдонга тушадиган бўлса, Португалияга фойдали бўлади.
Аммо Роналду Мессидан ўрнак олиши керак. Аргентиналик футболчининг хулқи — намуна. Шундай бўлишга интилиш керак. Азалий баҳсда Лео ғалаба қозонди. Мутлақ ғалаба!
Дарвоқе, мазкур жаҳон чемпионати Месси учун охиргиси бўлишига ишончим комил эмас. Тўрт йилдан кейин у 39 ёшда бўлади. Боз устига, Лео бир ўйинда 12 км югуриши керак эмас, унга 5-6 км етади. Қайсидир паллада бирдан "портлаб", ўйин тақдирини ҳал қилса бўлгани.
У Қатарда қанчалик самарали ҳаракат қилаётганини кўряпмиз. Ҳар бир ўйинда ё гол уряпти, ёки голли узатмани амалга оширяпти. Маҳорат ҳеч қаёққа йўқолмайди. Боз устига, Лео – профессионал, режимга қатъий амал қилади. Шундай экан, ЖЧ-2022дан кейин мен у билан хайрлашмаган бўлардим», – деди Аленичев.