«Қаримас» Лука Модрич балки Қатарда Хорватия миллий жамоаси либосидаги охирги турнирида қатнашаётгандир. Ҳар ҳолда, 37 ёшли ярим ҳимоячи ЖЧ-2022 старти арафасида FIFA нашрига берган интервьюсида шу мазмунда гапирганди: «Футбол учун маълум ёшга етганимни яхши тушуниб турибман. Катта эҳтимолки, мундиал мен учун Хорватия терма жамоаси сафидаги сўнгги турнир бўлади». Қаранг, «қария» охирги мусобақада хорватларни қандай олға бошламоқда... Ҳозир Модричнинг мамлакат бош жамоасидаги 16 йиллик тарихига қисқача тўхталишнинг айни мавриди. Бунда эса sports.ru сайти тақдим этган тасвирли мақола айни муддао.
***
Лука Модрич Хорватия миллий жамоасидаги дебютини 2006 йилнинг март ойида нишонлаганди. Митти жуссали ва чарчоқ билмас футболчи шундан буён шахмат доскасини эслатувчи формада жами 160та марта майдонга тушди. Лука бу борада Хорватия бош жамоасининг мутлақ рекордчисидир. Модрич шунингдек, голлар бўйича ҳам муносиб кўрсаткичга эга. Аниқроқ айтсак, ярим ҳимоячи миллий жамоа тўпурарлари рўйхатининг кучли 5талигида бормоқда. Тўғри, Лукада янада юқорига кўтарилиш имконияти йўқ, ҳисоби.
***
Модрич миллий жамоадаги фаолияти давомида фақат Мальта (3та), Андорра, Озарбайжон ва Австрия (2тадан) термаларига 1тадан кўп гол «тортиқ» этди. Унинг ўзи эса Евро-2020да Шотландия жамоаси дарвозасига йўлланганини энг чиройли голи сифатида тилга олса, ажабмас.
***
Лука Модрич термадаги 16 йиллик фаолияти давомида 6 нафар бош мураббий билан ишлади. Яъни дебютини Златко Кранчар қўл остида нишонлаган ярим ҳимоячи энг самарали даврини Златко Далич билан ўтказди. Ҳар ҳолда, Модрич термадаги энг яхши натижасини айнан Далич раҳбарлигида қайд этди.
***
Ҳа, Модрич ЖЧ-2022 стартидан олдин терма жамоа билан хайрлашиш онлари яқинлашаётганини маълум қилганди. Лекин декабрь ойи бошида бошқача хабар ҳам чиқди. Тўғрироғи, «митти» футболчи бу борадаги фикрини ўзгартирди: «Йўқ, ҳали терма жамоадан кетмоқчи эмасман. Зеро, ўзимни яхши ҳис қиляпман, жисмоний ҳолатим ҳам юксак даражали ўйинларга жавоб беришини биламан. Шундай экан, жамоада имкон қадар узоқроқ қолишни хоҳлайман. Чунки бугунги кун воқелиги оддий: менда кетиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Бу шахсий танловим, албатта». Хўш, Лука «бобо» яна қанча вақт қолмоқчи? Бунисини яшаб турсак, кўрамиз. Ҳа, бир қарашда, Модрич Евро-2024да ҳам терма жамоадаги статистикаси акс эттирилган постни янгилаш имкониятига эга бўлади, чоғи.
Тўрттагина ибора билан...
Лука Модрич Бразилия термаси устидан қозонилган сенсацион ғалабадан кейин «Твиттер» тармоғидаги саҳифасига қисқа изоҳ қолдирди: «Ҳеч қачон. Таслим бўлма». Шунинг ўзи Лука менталитетини билиш учун етарли. Умуман, бу 4та ибора хорватнинг ўзига хос шиорига айланган. Дейлик, «Реал» ЧЛ-2021|2022да «Челси»ни ақлга сиғмас «камбэк» орқали маҳв этганида ҳам деярли шундай изоҳ ёзганди.