Лондонда давом этаётган олимпиада мусобақаларининг бокс турида -75кг. вазн тоифасида рингга чиққан Аббос Атоев ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Чорак финалда ўзининг энг ноқулай рақиби ҳиндистонлик Вижендер Сингхга қарши жанг олиб борган Аббос 17-13 ҳисобида (3-3, 7-5, 7-5) ишончли тарзда мағлубиятга учратди.
Бундан икки йил муқаддам иккала спортчи Гуангчжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари финалида тўқнаш келишган ва унда Вижендер кутилмаганда 7-0 ҳисобида Атоевни мағлубиятга учратганди. Албатта ўша пайтлари ҳали Сингх унчалик таниқли бўлгани боис, Аббоснинг бироз ҳотиржамликка берилгани ҳам бор гап. Аммо ўша мағлубия олимпиада ўйинлари олдидан Аббосга сабоқ бўлгани кўриниб турди.
Дастлабки раунддаёқ асосан қарши ҳужумда ҳаракат қилган Атоев бир мунча зарбалар бера олди ва натижада биринчи раундни дуранг 3-3 натижаси билан якунлашга эришди.
Иккинчи раунддан бошлаб эса Атоев олдинга ўта бошлади ва рақибни бир неча маротаба саросимага солувчи зарбаларни амалга оширди. Шу ўринда бир нарсага алоҳида эътибор бериш керак. Атоев аслида чапақай боксчи саналади. Лекин у бугунги жангда ўнг қўлда ҳам кучли зарбалар бера олишини исботлади ва бир қатор узун кросс зарбаларни муваффақиятли якунлади. Иккинчи раунд унинг 7-5 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди.
Учинчи раундда ортда бораётган Вижендер олдинга ташланишга мажбур бўлди. Яна қарши ҳужумда ҳаракат қилган Аббос бу раундда ҳам 7-5 ҳисобида рақибидан устун келди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Бу дегани Аббос камида бронза медални нақд қилди, дегани. Бироқ иштаҳа овқат пайтида келади деганидек, Аббоснинг бу натижа билан чекланиб қолмаслигига ишонамиз ва икки карра жаҳон чемпионлиги ёнига олимпиада чемпионлигини ҳам қўшиб қўяди деб умид қилиб қоламиз.