"ПСЖ" президенти Носир Ал-Хелайфи Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Мессини жаҳон чемпионати финалида ғалаба қозонгани билан табриклар экан, уни француз клуби билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб боришга таклиф қилди. Бу ҳақда Goal.com нашри хабар берди.
Аргентиналик футболчининг "ПСЖ" билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. Маълумки, парижликлар 35 ёшли Месси билан яна бир йилга узайтириш имконияти билан бир йиллик янги шартнома борасида келишиб олмоқчи. Музокаралар яқин кунларда бўлиб ўтиши керак.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2022 финалида Аргентина терма жамоаси Франция терма жамоасини пенальтилар сериясида (4:2) мағлуб этганди. Учрашувнинг ўйин вақти дуранг билан якунланди - 3:3. Лионель Месси иккита гол урди ва учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.