Сўнгги пайтларда АПЛ клубларининг харажатлари ҳақида кўп ёзилмоқда. Бугун биз инглиз жамоалари маош борасида қандай кўрсаткичга эга эканига тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу борада энг катта харждор жамоа "МЮ" саналади. Бу клуб ўзининг маҳаллий рақиби бўлган "Манчестер Сити"дан 30 фоиз кўпроқ маблағни футболчилар маошига сарфлаган. Аммо сўнгги беш йилда "қизил иблислар" ҳеч нима ютмади. Манчестернинг кўк томонида эса 4 та Англия чемпионлиги мавжуд. Шунингдек, "МЮ" трансферларга харажат қилиш борасида ҳам энг катта кўрсаткич қайд этиб турибди. Масалан, "Ливерпуль" ўзининг тарихий рақибига қараганда маошлар учун йилига 80 миллион фунт камроқ харажат қилган. Аммо мерсисайдликлар манкунианликлар сўнгги бор чемпион бўлганидан бери мумкин бўлган барча совринларни олишга эришди.
"МЮ"нинг катта харажатлари ҳақида собиқ футболчи Гари Невилл шундай деганди: "Мен сўнгги беш, олти-етти йил ичида сарфланган пулларга таркиб арзимайди деб ҳисоблайман. Мен ўтган куни бир статистикага кўзим тушди. "МЮ" футболчиларга маош тўлаш борасида дунёда иккинчи ўринда турар экан. Энди жамоадаги таркибга ва улар эришган натижаларга эътибор беринг. Нима дейиш мумкин? Ҳа, мен клуб раҳбариятини ўзгартира олмайман. Ҳеч ким бу ишни қила олмайди. Аммо раҳбарларнинг қарорларига баъзан тушунмай қоламан. Фергюсон давридан бери нимадир ўзгардими деган саволга, "фақат ёмон томонга" деб жавоб берган бўлардим. Демак, ичкарида нимадир хатолик бор. Мен бу жамоани потенциали борлигини биламан. Уларнинг кўп нарсага қодир эканига ишонаман. Аммо ҳаммаси тартибсиз бошқарилмоқда. Кўп йиллардан бери шу нарса клуб оёғига болта урди".
Ўтган мавсумда "МЮ" тарихдаги энг ёмон натижа билан 6 ўринни олганди. Эрик тен Хаг олдига ҳозир "Сити" билан беллаша оладиган жамоа қуриш вазифаси қўйилган. Маош борасида АПЛнинг 10- жамоаси бўлган "Ньюкасл" кучли тўртликка даъво қила бошлаганини ҳисобга олсак, манкунианликларга осон бўлмаслиги аниқ. Қуйида "Capology" портали томонидан тақдим этилган АПЛнинг тўлиқ маошлар жадвали тақдим этилади. (Миқдорлар фунт-стерлингда)
1. "Манчестер Юнайтед" – 222 984,000;
2. "Челси" – 169,720,000;
3. "Манчестер Сити" – 163,060,000;
4. "Ливерпуль" – 141,782,000;
5. "Тоттенхэм" – 101,344,000;
6. "Арсенал" – 85,490,000;
7. "Лестер Сити" – 78,780,000;
8. "Астон Вилла" – 75,232,000;
9. "Вест Хэм" – 70,160,000;
10. "Ньюкасл" – 62, 610,000;
11. "Кристал Пэлас" – 59,180,000;
12. "Эвертон" – 43,120,000;
13. "Вулвз" – 38,310,000;
14. "Фулхэм" – 37,610,000;
15. "Саутгемптон" – 35,380,000;
16. "Борнмут" – 32,044,000;
17. "Ноттингем" – 28,590,000;
18. "Брайтон" – 28,340,000;
19. "Лидс" – 17,300,000;
20. "Брентфорд" – 15,240,000.
ИСМАТОВ Ж.