Ўзбекистон Олий Лигаси клубларининг ОФК Чемпионлар Лигаси талабларига мувофиқлигини текшириш учун 2 август куни Ўзбекистонга келган ОФК махсус тафтиш комиссияси 9 август куни ўз ишини якунлайди.
Ўтган етти кун давомида олти нафар мутахассисдан иборат ОФК комиссияси Олий Лиганинг 12 клуби инфратузилмаси, уй стадиони ва машғулот майдонлари билан танишиб чиқди. Энг сўнгги бўлиб водий клублари текширувдан ўтди. Ташриф давомида, 3 август куни Олий Лига 14-тур ўйинлари доирасида Бухорода бўлиб ўтган «Бухоро» – «Нефтчи» ўйини ташкил этилиши ҳам кўриб чиқилди.
ОФК тафтиш комиссиясининг ташриф дастурига кўра, ташрифнинг сўнгги кунида журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилади. Матбуот анжумани 9 август куни соат 11:30да ЎФФ анжуманлар залида бошланади. Унда журналистлар ОФК комиссияси иши бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ОФКнинг ушбу тафтиш комиссияси хулосасига кўра, 2013 йилда Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистондан қатнашадиган клублар сони аниқланади. Маълумот ўрнида, 2012 йилги ОЧЛ баҳсларида Ўзбекистондан битта клуб («Нефтчи») плей-офф баҳсларида, учта жамоа эса («Бунёдкор», «Насаф», «Пахтакор») гуруҳ ўйинларида иштирок этди. Айни вақтда, «Бунёдкор» ОЧЛ чорак финалчиси ҳисобланади.