"Бенфика" ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес Аргентинага Лиссабон клуби бош мураббийи Рожер Шмидтнинг рухсатисиз учиб кетди. Бу ҳақда Португалиянинг Record нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Фернандес Шмидтнинг хоҳишига қарши Буэнос-Айресга учиб кетган. Футболчи шахсий самолётдан фойдаланган. Аргентина пойтахтида ярим ҳимоячи Янги йилни нишонлади. "Бенфика"да Фернандеснинг бу ҳаракати салбий қабул қилинди.
Аргентина терма жамоаси таркибида 2022 йилда жаҳон чемпионига айланган Фернандесни Лондоннинг "Челси" клубига ўтиши ҳақидаги миш-мишлар боғлаб турибди. Аввалроқ футболчи "аристократлар" сафига ўтишга рози бўлгани хабар қилинганди. Клублар трансфернинг молиявий жиҳатларини муҳокама қилишмоқда.