Кеча эркаклар ўртасидаги баскетбол мусобақаларида ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди.
Дастлаб Испания ва Россия терма жамоаси аъзолари илк финал йўлланмаси учун кураш олиб боришди. Учрашув бошида бироз устунлик қилган ва деярли 15 очкога илгарилаб кетишга муваффақ бўлган Россия терма жамоаси аъзолари ўйиннинг иккинчи қисмида ташаббусни қўлдан чиқаришди ва ўйинни бой беришди.
Анча тажрибалироқ бўлган испан баскетболчилари ўйин оҳирида русларни ер тишлатишди - 67-59. Испания финалда.
Иккинчи ярим финал учрашуви эса биринчисидан анча қизиқарлироқ ўтди дейиш мумкин. Сабаби, АҚШ терма жамоаси баскетболчиларининг ўйинини кузатиш учун аренага анча мунча одам тўпланди.
Ушбу баҳсда кутилганидек америкалик баскетболчилар Аргентинага ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Ўйин оҳирида бироз бўшашганига қарамай, 26 очколик фарқ билан ғалаба қозонишди.
Эртага ҳудди Пекин Олимпиадасида бўлгани каби, яна бир маротаба АҚШ ҳамда Испания терма жамоалари Олимпиада чемпионлиги учун ўзаро баҳс олиб боришади.