Кристиан Фукс футболчилик фаолиятини якунлади.
36 ёшли ҳимоячи футболчилик фаолиятини якунлаганини маълум қилди. У профессионал даражада 7 та клубда 19 мавсум ўйнаган.
Умуман олганда, австриялик футболчи клубдаги фаолияти давомида 577 та ўйин ўтказиб, 37 та гол урган ва 83 та голга ассистентлик қилган. У Австрия терма жамоасида ҳам 78 марта майдонга тушган.
Фукс "Винер Нойштадт", "Маттерсбург", "Бохум", "Майнц", "Шальке", "Лестер" ва "Шарлотт" клубларида ўйнаган. 2016 йилда "Лестер" билан Англия чемпиони бўлди.
"Бу мен ва оилам учун ақл бовар қилмайдиган саёҳат бўлди. Йиллар давомида биз нафақат катта муваффақиятларни нишонладик, балки ушбу саёҳат давомида ажойиб одамлардан ўрганишга ҳам муваффақ бўлдик.
Фаолиятим давомида клуб вакиллари, жамоадошларим ва тарафдорларим томонидан кўрсатилган барча қўллаб-қувватлашлар учун миннатдорман. Мен бутун умрим давомида эслаб қоладиган ўша унутилмас лаҳзаларга катта табассум билан қарайман", деди Фукс.