Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси дунёдаги энг етакчи футбол лигаларини ўзида бирлаштирган Жаҳон Профессионал футбол лигалари ассоциациясининг тўлақонли аъзосига айланди.
World Association of Professional Football Leagues (WLF) дунё бўйлаб 44 та энг етакчи лигани ўзида бирлаштирган халқаро ташкилот ҳисобланади. 2015 йилнинг 1 декабрь куни 23 та лига Парижда ўзаро ҳамфикрлик декларациясини имзолагач, ассоциация тузиш учун биринчи қадам қўйилди. 2016 йилнинг 1 май куни Цюрихда мазкур ташкилотга расман асос солинди.
Ассоциация футбол лигалари манфаатларини ҳимоя қилади. У халқаро мусобақалар тақвимини тузишда ФИФА ва қитъалар конфедерацияларига ўз аъзолари манфаатидан келиб чиқиб, тавсия ва таклифлар киритиб келади. Шунингдек, турли йўналишларда IFAB, FIFPro каби ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Ташкилот бошқарув кенгаши Англия Премьер-лигаси раҳбари Ричард Мастерс, Мексика футбол лигаси раҳбари Энрике Бонилла ҳамда МЛС (АҚШ) раҳбари Дон Гарбер кабилардан иборат. ЎзПФЛ ҳамда WLF ўртасидаги алоқалар ўтган йилнинг июль ойидан бошланганди. Шу давр ичида ассоциация ЎзПФЛ билан боғлиқ мусобақалар, норматив ҳужжатлар ва бошқа материалларни батафсил ўрганиб чиқди. Якунда ассоциация бош котиби Жером Перлемутер ЎзПФЛни 45-аъзо сифатида ташкилотга қабул қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
“Жаҳон лигалари форумида Ўзбекистон Профессионал футбол лигасини кўришдан ва унинг янги аъзомизга айланганидан беҳад мамнунмиз. Биз ҳамкорликда Ўзбекистон футболи имкониятларини юзага чиқаришдан хурсандмиз”, — деб фикр билдирди Жером Перлемутер.
Жером Перлемутер ҳамда ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев 2022-йилнинг 17-19-октябр кунлари Дубай шаҳрида WЛФ томонидан ўтказилган “Жаҳон футбол лигалари форуми”да учрашиб, фикр алмашганди. Унинг доирасида WLF Осиёнинг етакчи лигалари учун ҳам алоҳида йиғилиш ташкил этди. Унда Япония, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Ўзбекистон, Қатар, БАА, Малайзия ҳамда Ҳиндистон лигалари иштирок этиб, лигаларни қийнаб келаётган қатор масалалар юзасидан фикр алмашганди.
Маълумот учун, WLF ўзида УЕФАнинг Англия, Испания, Италия, Германия, Франция, Туркия, Бельгия, Португалия, Украина, ОФКнинг Австралия, БАА, Япония, Қатар, Саудия Арабистони, Малайзия, Жанубий Корея, Таиланд каби мамлакатларини бирлаштирган. Аъзоларнинг тўлиқ рўйхати билан мана шу ҳавола орқали танишиб олиш имконияти мавжуд. Энди улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.