"Андижон"нинг таркибидан кейин "Андижон U-19" ҳам янги мавсум учун тайёргарликка киришди. Клуб раҳбарияти маҳаллий мураббий Ислом Аҳмедовга "Андижон U-19" жамоасини ишониб топширди
"Аввало шуни маълум қилмоқчимизки, бу йил ушбу жамоамизга Ислом Аҳмедов бош мураббийлик қилади. Клуб раҳбарияти томонидан бу масалада айнан ушбу иқтидорли мураббийга ишонч билдирилди.
36 ёшли Ислом Аҳмедов футболчи сифатида “Андижон” клубида ҳам тўп сурганини мухлислар яхши эслайдилар. Фаолиятини тугатгач, ўзини мураббийликка ва айниқса, болалар футболига бағишлади.
Андижон вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академиясида ишлаш орқали анча кўзга ташланиб қолди. Ўзбекистон биринчиликларида ўтказилаётган мусобақаларда Ислом Аҳмедов бошчилигидаги жамоалар ҳамиша совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. У тарбиялаётган футболчиларнинг бир нечтаси айни пайтда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига номзод саналади. Эндиликда Аҳмедов “Андижон” U-19 жамоасини бошқаради.
Биласиз, ўтган йили Ўзбекистон U-19 биринчилигида жамоамиз ёшлари фахрли 3-ўринни эгаллашди. Эндиликда ўша жамоа устози сифатида ишлаган Лутфулло Мажидов U-21 жамоамизга бош мураббийлик қилиши ҳақида олдин хабар бериб ўтганмиз.
Ислом Аҳмедов бошчилигидаги U-19 ўқув-машғулот йиғинларини бошлади. Истеъдодли йигитлар сараланиб олинади ва бир қатор назорат учрашувлари ҳам ўтказилади" - дейилади "Андижон" футбол клубининг матбуот хизматида.