Янги мавсумга жиддий тайёргарликни мақсад қилган “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти Қўқондаги “марказий” стадионини янги мавсумга идеал тарзда тайёрлаш учун астойдил бел боғлаган.
Аввал хабар берганимиздек биринчи навбатда стадион ёритгичларини янгилаш учун хорижий компанияга 100 фоиз тўловлар амалга оширилган бўлиб, энди уларни Қўқонга етиб келиши ҳамда “марказий” стадион мачталарига ўрнатиш ишлари қолган. Кеча Чехия давлатидан ёритгичларнинг навбатдаги қисмлари Қўқонга етиб келди. Бу сафар ёритгичларнинг лампа, дроссел ҳамда бошқа эҳтиёт қисмлари келган.
Стадион чимини футбол ўйнаш учун идеал ҳолатга келтириш жамоа раҳбариятининг навбатдаги режаси бўлиб, бу борада ҳам амалий ишлар бошланиб кетди. “Марказий” стадионига ЎзПФЛ билан ҳамкорликда юртимиздаги кўплаб стадионларни, жумладан Қаршидаги “марказий”, Бухородаги “Бухоро”, Тошкентдаги “Бунёдкор”, Фарғонадаги “Истиқлол” каби стадионларнинг майдонларини ажойиб кўринишга келишига сабабчи бўлган мутахассис Учқунбек Қувонов бошчилигидаги майдон усталарининг вакили бўлган мутахассис Бегзоджон Ҳамдамов Қўқонга келган эди. Мутахассис “марказий” стадион чимини кўздан кечириб, амалга ошириш лозим бўлган ишларни белгилаб берди. Майдон чимининг ҳолатини кўздан кечирган мутахассис чимнинг ҳолатига яхши баҳо берди. Бундан бу ёғига майдон чимини режа асосида парваришлаш ва минерал ўғитлар билан агротехника ишларини амалга ошириш лозимлиги белгилаб олинди. Майдон чимини парваришлаш учун зарур бўлган техникаларни харид қилиш, чимга биокимёвий ўғитлар билан ишлов бериш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, мутахассислар томонида тегишли кўрсатмалар берилди.
Айни кунларда “марказий” стадион чимини яхшилаш борасида ишлар бошланиб кетган.