Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

АПЛ тахти учун кураш: Артета, Гвардиола ва Эрик тен Хаг!

Баҳо:
+ | -

Айни дамда ички чемпионатларнинг энг кучлиси бўлмиш Англия премьер лигасининг энг юқори нуқтасига етиб келмоқдамиз. Ҳа, мазкур мусобақани бошқаларидан кўра кучли, деб аташимиз ўринли бўлади.

Агар Испания тарафларга назар солсак, «Барселона» ва «Реал Мадрид» ўзаро чемпионликни талашаётганига, Францияда эса «ПСЖ» (унинг энг яқин таъқибчиси камтарин – «Ланс» эканлигини ҳисобга олсак) чемпионлик сари хотиржам одимлаётганига, Италияликлар «Наполи»ни олдинга «қочириб» юборганига, Германияда эса «Бавария»ни навбатдаги чемпионлик сари ҳозирлик кўраётганига гувоҳ бўламиз.

Бир қарашдаёқ буларнинг ичидаги энг томошабопи ва муросасизи АПЛ эканлиги яққол сезилади. Бу мусобақада энг охирги турга қадар чемпион номи аниқланмайди. Аввалги мавсум барчани ёдида бўлса керак. Сўнгги турда, чемпионлик баҳсида, «Манчестер Сити»нинг «Астон Вилла» устидан қозонган иродали ғалабаси, Гвардиоланинг кўз ёшлари, Клопп бармоғини тишлаб қолишлари ҳамон кўз олдимизда. Ўтган йили биз шундай даҳшатли якунга гувоҳ бўлган эдик.

Агарда жадвалнинг сўнгги поғоналарига эътибор қаратилса, «Вест Ҳем», «Эвертон» каби катта номлар бор эканлиги кишини ҳайрон қолдиради. Аслида чемпионатнинг ҳеч қайси жамоасига «аутсайдер» номи ярашмайди. Лекин АПЛ — шавқатсиз! Кимдир барибир ушбу мусобақани тарк этиши керак. Буни эса ҳеч қайси жамоа истамайди. Шунинг учун, мавсум охирлаб боргани сайин аутсайдерлар, худди чўкаётган киши бор кучи билан сувдан чиқишга ҳаракат қилгани каби, қуйи поғоналардан қутулишга жон-жаҳди билан тиришишади. Мана шу паллаларда улар ҳар қайси ўртамиёна жамоалардан кўра хавфлироқ бўлиб кетишади. Хуллас, бу мавсумда чемпионлик учун курашда учта жамоанинг имконияти бошқаларидан кўра юқорироқ эканлиги ойдинлашиб бормоқда. Бу учликда аввалги мавсумда кумуш медаль соҳиби бўлган «Ливерпул», трансферларга миллионлаб пул сарфлаган «Челси» йўқ. Бу сафарги трио бироз бошқачароқ…

АРТЕТАНИНГ «АРСЕНАЛ»И

«Арсенал» жамоасининг ҳозирги ютуқларини замирида шак-шубҳасиз Микел Артетанинг меҳнатлари ётибди. Испаниялик мутахассис жамоани биринчи поғонага олиб чиқиш учун жуда кўп асаб толаларидан айрилди. Унинг кийиниш хонасидаги жўшқин нутқлари, рақиб жамоаси мураббийи билан жиққамушт бўлиб кетиши барчага аён. Ўрта ёшдаги футбол мухлислари, уни «Арсенал»даги футболчилик фаолиятини яхши эсалашади. У ҳозиргидек ўта жўшқин эмас, аксинча, бир мунча босиқроқ кўринарди. Биз уни мураббий сифатида қайтадан кашф этдик.

Артета футболчилик фаолиятини «Арсенал»да якунлагач, аксар яримҳимоячилар каби мураббийлик соҳасига ўзини урди. Даставвал, у ватандоши Пеп Гвардиоланинг ёрдамчиси бўлиб «Манчестер Сити»да иш бошлади. Уч йиллик меҳнатлари эвазига уни қадрдон «Арсенал» жамоасига таклиф қилишади. Ҳаммаси рисоладагидек. Артета катта қайтиш қилиши ва мухлислар учун узоқ муддатдан сўнг титулларни тақдим қилиши керак эди. Лекин Зидан бўлиш осонмас. АПЛда ҳаммаси бирдан рўй бермайди. У биринчи ўринга чиқиш учун расво бўлган икки мавсумни ўтказди. Ана ўша расво икки мавсумда ҳам жамоанинг ўйинида ранг борлиги билиниб турарди. Лекин ҳали пишиб етилмаган футболчилар билан натижа қўлга киритиш қийин бўлди.

Бу мавсумда «Арсенал» анча пишиб етилди, футболчилар анча улғайишди, жамоа том маънода оилага айланди. Артетанинг қувноқ «Арсенал»и нейтрал мухлисларининг ҳам ҳурматига сазовор бўлди. Артета «Барселона» тарбияловчиси бўлгани учун, Гвардиоланинг шогирди бўлгани учун юқори прессинг билан ўйнайдиган, кўп гол урадиган, позицион ҳужумлар билан ҳаракатланадиган жамоа қурди. Унинг бу лойиҳаси мана шу мавсумдан бошлаб ишлай бошлади.

Жамоанинг захираси анча камтарин эканлиги Артетани бу мавсум титулдан маҳрум қилиши мумкин. Аввалги мавсумда, эсингизда бўлса, Испаниянинг «Севилья» жамоасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берганди. Эмери мавсум давомида бир хил таркибни ўйнатиб келди, турнирнинг охирларига боргач, асосий таркибнинг муҳим уч-тўрт футболчиси жароҳат олган ва мавсумдан кўзланган мақсад қўлга киритилмаган эди. Артета билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бериши мумкин. Ҳозирча бу ҳолат юз бермади, агар юз берса, нақд бўлиб турган чемпионлик ҳам насияга айланиши мумкин…

«БОШСИЗ СИТИ»

Сўнгги йилларда, чемпионлик пойгасини «Манчестер Сити»сиз тасаввур қилиш мушкул бўлиб қолди. Гвардиола охирги беш йилда тўрт марта ушбу жамоани чемпион қилди. Ва бу мавсум ҳам унинг имкониятлари жуда яхши. Пеп Англия кубогини, Англия суперкубогини қўлга киритди. Агарда ЕЧЛ бўлмаганида, биз бу жамоани мукаммал, деб аташимиз мумкин эди. Лекин мазкур турнир «Сити» ва Гвардиоланинг камчиликларини бизга очиб берди. ЕЧЛни Гвардиола қўлга кирита олмади ва бунга баъзида ўзи сабабчи бўлди, баъзида «Сити» футболчиларининг уйғонолмагани сабаб бўлди.

Ўтган мавсум, «Реал Мадрид» «Сити»нинг заиф томонларини очиб берди. Учрашувни яхши бошлаган ва ҳатто иккинчи бўлимда гол урган «Сити» битта гол ўтказиб юбориши билан тамоман ўчиб қолди. Қийин вазиятда масъулиятни бўйнига оладиган футболчи чиқмади ва бунга асосий айбдор Гвардиоланинг ўзидир. Чунки Пеп жамоани бутун бошли бир машинага айлантирди. Унинг жамоасида алмаштириб бўлмас ўйинчи мавжуд эмасди. Ўйинни ҳеч қайси футболчи устига қурмади, агарда юлдузлар «Сити»да ўйнамоқчи бўлсалар, улар жамоага мослашиши керак бўлди. Жамоада сардорнинг катта роль ўйнамаслиги ҳам шундан дарак. Бугун эса Гвардиоланинг «Сити»си характерли жамоаларни юта олмаслиги аён бўлиб бормоқда. «Манчетер Юнайтед»дан қабул қилиб олинган мағлубият ҳам шу сабабдан рўй берди. Натижа учун доим ҳам тактика етарли бўлавермайди. Баъзида футболчилар ўйинни ҳис қилишлари, масъулиятни ўзига олиши керак. Гвардиола «машинаси»нинг қўлидан эса бу келмаяпти…

Юқорида айтганимиздек, «Сити» футболчилари тезда реакция бера олмасликлари бор гап. Лекин улар бутун бошли мавсумга яхши тайёрлана оладилар. Гвардиола жамоасидаги барқарорлик таҳсинга сазовор. Улар ўйинни яхши назорат қилишади ва манашу тотал устунлик эвазига ғалабарни қўлга киритишади. Бу мавсумда жамоага янги қўшилган Холанд ҳам нуқтага урилган трансфер бўлди. У келиши билан бир қанча рекордларни янгилади ва мухлисларнинг севимли футболчисига айланиб улгурди. «Сити» бу мавсумда балки чемпион бўлолмас, лекин, охирги тургача интригани сақлаб туриши аниқ.

ИНҚИЛОБЧИ ТЕН ХАГ

Яқинда Тен Хаг 13 ёшлигида қандайдир шоуда Кройф билан гаплашаётгани, ва унда ёш футболчиларга бақирмаслик, катта футболчилардан эса, натижани талаб қилишлик мумкинлиги ҳақидаги фикрларини билдираётган эди. Бу видео орқали биз уни нафақат кучли тактик, балки яхши психолог сифатида ҳам таниб олдик. Эрик «МЮ»да ҳақиқий инқилобни юзага келтирди. Ўз ғояси йўлида Роналду каби катта шахсиятларга қарши чиқди. Кўпчилик ёқламаган трансферларни амалга оширди. Эрик қўрқмасдан сиртмоқни бўйнига осди. Ва кўриб турганингиздек, «МЮ» бугун кучли учликда.

Одатда тизимли жамоалар секинроқ қурилади. Артетанинг «Арсенал»и, Хавининг «Барселона»сини мисол келтириш мумкин. Қувонарлиси, бу ҳолат Тен Хаг билан анча тез амалга ошмоқда. У жамоага келиши ёзда аниқ бўлиб улгурганди. Шу сабабли унда ўйлашга етарлича вақт бўлди. Эрик конкрет режа билан Англияга келди. Жамоанинг заиф нуқталарини самарали трансферлар билан ёпди. Биргина Каземиро трансферига тўхталсак: у жамоага келиши билан, таянч нуқтасида мувозанатни юзага келтирди. У борлиги учун Эриксен ва Брунодек «рассомлар» анча эркин ижод қилмоқдалар. Ундан ташқари, у Решфордни иккинчи марта «тирилтирди», Гарначони кашф қилди. Унинг «МЮ»си икки йил аввалги, кумуш медални ютган Сулшернинг жамоасидан фарқли ва кучлидир.

Эрик айни дамда жамоанинг ҳимоясига эътибор қаратаётган бўлса ажаб эмас. «МЮ»нинг ҳимояси ҳавас қиларли даражада эмас. Бу қанчадир миқдорда ҳимоячиларнинг даражаси билан ҳам боғлиқ. Охирги турларда ҳаттоки қанот ҳимоячиси бўлган Люк Шоуни марказий ҳимояда ўйнатди. Нидерландиялик мутахассис «МЮ»даги тешикларни шу тарзда ямамоқда. Жамоада эврилишнинг энг охирги босқичи айнан ҳимояда бўлиб ўтмоқда. Бу қанчалар тез амалга ошади буниси вақтга боғлиқ.

Бу жамоанинг қай бири чемпион бўлмасин, шубҳасиз шу мақомга лойиқ бўлади. АПЛнинг бу учлиги, келажакда ҳам Еврокубокларда анча муваффақиятларга эришишига тилакдошмиз!

Эрмон бува

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:14, 22.01.2023.
Ўқилди: 2091 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.