«Ницца» ярим ҳимоячиси Морган Шнайдерлен мавсум охиригача Австралияда тўп тепадиган бўлди. «Вестерн Сидней Уондерерс» 33 ёшли франциялик футболчи билан шартнома имзолади.
«Уондерерсда бўлганимдан жуда хурсандман ва саёҳатимни бу клубда бошлашни интиқлик билан кутяпман. Мен бу клуб ҳақида кўп яхши гапларни эшитдим ва янги чақирувга тайёрман», - дейди футболчи.
Ёзда Морган эркин агентга айланиши мумкин, чунки унинг «Ницца» билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг 1 июлигача амал қилади.
Аввалроқ Шнайдерлен «Эвертон», «Манчестер Юнайтед», «Саутгемптон» ва «Страсбург» каби клубларда тўп тепган. У Франция терма жамоаси сафида 14 та ўйин ўтказган.