Дунёнинг энг бой жамоаларининг бири бўлган "Ньюкасл Юнайтед" январнинг сўнгига қадар ўз нишонларини ишғол этишга ҳаракат қилмоқда. Эдди Хау жамоаси январь мобайнида сокинликни сақлаб келди. Клуб раҳбарияти керакли футболчини муносиб нархда сотиб олишни мақсад қилган. Шу сабабли, ҳалигача янгилик қилмади. Аммо клуб кучли тўртликка киришни истаса, у ҳолда таркибни янада оптималлаштириши лозим. Қуйида "қарғалар" қолган уч кун давомида кимларни сотиб олиши ҳақида гаплашамиз.
Кўзланган футболчилар ичида энг қиммати сифатида "Эвертон" вингери Энтони Гордон таъкидланган. 21 ёшли инглиз футболчиси "Ньюкасл"га 40 миллион фунтга тушиши айтилган. Аммо "Эвертон"да Гордонни сотиш нияти йўқ. Чунки ливерпулликлар уни 60 миллионга арзийди деб ҳисоблашади.
Агарда ҳужумчи "Ньюкасл"га йўл олса, у ҳолда Гордон чап қанотда, Сент-Максимен билан рақобатга киришади. Гордонга ярим ҳимояда яна бир янги ном ёрдам беради.
Италиянинг "Рома" клуби юлдузи Николо Заньоло "Ньюкасл"нинг яна бир трансфер нишони ҳисобланади. 23 ёшли италиялик аввал-бошда "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин эди. Аммо ўртага "Ньюкасл" суқулиб, Заньоло учун 31 миллион фунт таклиф қилди. Таклиф рад этилди. Аммо "Ньюкасл"нинг истаги сўнмади. "Рома" эса ярим ҳимоячи учун 35 миллион фунт атрофидаги таклифни кутмоқда. Заньоло АПЛга ўтиб, "Ньюкасл" ярим ҳимоясидаги камчиликларга даъво бўла олади. Шунингдек, таянч зонасига "МЮ" футболчиси Скотт Мактоминейни олиш режалаштирилган.
Ҳужумни кучайтириш учун ишлар якунига етмайди. Қайд этилишича, "Челси" вингери Хаким Зиеш ҳам 1 февралга қадар Ньюкасл шаҳрига олиб келиниши мумкин. 29 ёшли Марокаш терма жамоаси аъзоси учун таклиф этилган сумманинг ҳажми маълум қилинмаган. Шунингдек, "Челси"нинг бошқа футболчилари бўлган Конор Галлахер ҳамда Рубен Лофтус-Чиклар ҳам жиддий кузатувда турибди. Эслатиб ўтамиз, айни дамда "Ньюкасл" 39 очко тўплаган ҳолда АПЛ турнир жадвалининг 3 ўринидан жой олган. "Қарғалар" ўзининг кейинги баҳсини "Вест Хэм"га қарши ўтказишади.
ИСМАТОВ Ж.