Кириш Регистрация

Мавсум-2022/2023: Гуркираб яшнаётган иқтидорлар

Баҳо:
+ | -

Кўпинча футбол клублари трансфер бозорини ўз таркибларини кучайтиришнинг энг қулай воситаси сифатида қабул қиладилар.

Бироқ бу усул ҳар доим кутилган самарани беравермайди. Аслида, ўз академияларининг фаолияти ва тарбияланувчиларнинг ривожланишига кўпроқ эътибор қаратилгани маъқулроқ. Ёш авлоднинг билимга чанқоқлигига тажрибали мутахассисларнинг малакали ёндашуви асосий таркибга муносиб номзодларни етаказиб бериши мумкин. Бунинг исботи сифатида топ-клубларда шаклланаётган ажойиб иқтидорларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Алехандро Бальде («Барселона»)

Каталония гранди анча йиллардан бери Жорди Альба ўрнига муносиб номзод қидирмоқда. Аслида, бу масалани ҳозирнинг ўзида ҳал этиш мумкин. Тобора сермазмун ўйин кўрсатаётган Алехандро Бальде узоқ вақт давомида фахрий жамоадошининг вазифасини талаб даражасида адо эта олади. Ўтган мавсумда асосий таркибда ўз дебютини нишонлаган испаниялик иқтидор жорий мавсумда тобора кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқда. 19 ёшли фулбек ҳозирга қадар Ла Лига доирасида 15 марта, ЕЧЛда 4 марта майдонга тушди ва 3та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Хави Эрнандес даврида Бальде асосий таркиб ўйинчисига айланишга жуда яқин турибди.

Коул Палмер  («Манчестер Сити»)

«Шаҳарликлар» бош мураббийи Хосеп Гвардиолани мунтазам равишда трансферларга катта маблағ сарфлаганликда айблашади. Бироқ Пеп ёшларга имконият беришни ҳам унутмаяпти. Бунга испаниялик мутахассис ишонч билдирган Фил Фоден яққол мисол бўла олади. Энди навбат Коул Палмерга келди. У эсини таниганидан бери вақтини клуб академиясида ўтказди. 20 ёшли ҳужумкор хавбек ҳозирча самарали ҳаракатлари билан мақтана олмайди. Аммо майдонга тушганида, ўйин суръатига путур етказмайди. Палмерни яқин келажакда яқин келажакда жамоани тарк этиши тахмин қилинаётган Бернарду Сильванинг ўриндоши ролига мўлжаллашмоқда.

Рико Льюис  («Манчестер Сити»)

Порлоқ келажакка умид уйғотаётган навбатдаги маҳаллий тарбияланувчи. Льюис жорий мавсумда илк марта асосий таркибда майдонга тушди. Ҳозирча, ўйини чакки эмас, ўзининг дебют голини ЕЧЛда амалга оширди ва жамоанинг «Севилья» устидан эришган ғалабасига муносиб улуш қўшди. Бундан ташқари, «шаҳарликлар»нинг нуфузли турнирдаги энг ёш гол муаллифига айланди. 18 ёшли фулбек «Ливерпуль»га қарши Лига Кубоги учрашувида ҳам ҳужумкор ўйинлари билан ғалабага ҳисса қўшди, АПЛнинг 8та ўйинида иштирок этди. Бу ёғига Льюис янада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлса, ажабланмаймиз.

Алехандро Гарначо («МЮ»)

Манчестернинг қизил қисмида ҳам барқ уриб яшнаётган иқтидорлар етарли. Гарначо аввалги мавсумда асосий таркибда майдонга тушган бўлса, ҳозир анчайин етук ўйинни намойиш этмоқда. Аввалига «МЮ»нинг 18 ёшли вингери ЕЛдаги «Реал Сосьедад» билан бўлган баҳсда ўзининг ягона аниқ зарбаси билан жамоага ғалаба келтирганди. Бу аргентиналик футболчининг «қизил иблислар» сафидаги дастлабки голи бўлди. 10 кундан кейин Гарначо «Фулхэм»га қарши баҳснинг қўшимча вақтида манкунианлар ғалабасини  (3:2) таъминлади. Ундаги юксак салоҳият яқин келажакда жиддий натижаларга асос бўла олади. Қолаверса, Эрик тен Хагнинг ёш иқтидорларга етарли эътибор қаратаётгани - ёш иқтидорнинг омади.

Юссуфа Мукоко  («Боруссия Д.»)

Мукоко дортмундликлар таркибида 2020|2021 йиллар мавсумида илк бор майдонга тушган, Бундеслига доирасида 3та гол уришга ҳам муваффақ бўлганди. Жорий мавсумда ёш ҳужумчи янада сермаҳсул ўйнамоқда. Орт­да қолган 23 учрашувда у 6та гол ва шунча ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди ва «арилар»нинг ниши ўткир аъзоларидан бирига айланди. «Шальке»га қарши баҳсда ягона голи билан 3 очко келтирди, «Бавария»дан очко тортиб олишга (2:2) ёрдам берди, кейин «Штутгарт» (5:0) ва «Бохум»ни  (3:0) тиз чўктиришда фаол қатнашди. Унинг ҳисобида ҳам гол уриб, ҳам самарали узатмаларни амалга оширган ўйинлар ҳам бор. Яқинда Юссуфанинг шартнома муддати ниҳоялаб қолгани туфайли дортмундликлар у билан янги келишувга эришишди. Бу эса унинг учун ҳам, клуб учун ҳам айни муддао.

Фабио Миретти («Ювентус»)

Авваллари «Ювентус» мураббийлари академияга ортиқча аҳамият беришмасди. Лекин ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Массимилиано Аллегри жамоа­га тобора кўпроқ ёшларни жалб этмоқда. Улар орасида Фабио яққол ажралиб турибди. Ўтган мавсумда дебютини нишонлаган ярим ҳимоячи энди тур сайин кўпроқ вақтини майдонда ўтказмоқда. 19 ёшли хавбек жорий мавсумда 16 учрашувда иштирок этди, шунинг 8тасида бошланғич таркибдан жой олди. Шунингдек, италиялик иқтидор жамоанинг ЕЧЛнинг 5та учрашувида ҳам иштирок этди. Миретти ҳозирнинг ўзида асосий таркибнинг доимий аъзосига айланиб улгурди. Адриен Рабьо мавсум якунида клубни тарк этиши мумкинлиги, Поль Погба эса тез-тез жароҳат олишини инобатга олсак, «қора-оқлар» тарбияланувчисини улкан имкониятлар кутмоқда, дейиш мумкин.

Армандо Броя («Челси»)

2019|2020 йиллар мавсумида Броя атиги 5 дақиқа АПЛ учрашувида майдонга тушганди. Навқирон ҳужумчининг «Челси»даги дебюти шу тариқа камтарона бўлганди. Кейин ҳужумчи ижара асосида «Витесс»да тўп сурди. Нидерландияда тобора кучга тўлган Армандо Эредивизиедаги 30та ўйинда 10та гол урди. Кейинги бир йилни у «Саутгемптон»да ўтказди. АПЛдаги кўрсаткичи нисбатан камтаринроқ (32та ўйинда 6та гол) бўлди. Ҳа, савия бобида Англия чемпионатининг савияси ўзгачароқ.

Жорий мавсумда 21 ёшли ҳужумчи «аристократлар»нинг асосий таркибидан жой олди. Унинг иштирокида «Челси» «Вулверхемптон»ни 3:0 ҳисобида маҳв этди, «МЮ» билан жанговар дурангга (1:1) имзо чекди. Бироқ шундан кейин жиддий жароҳат олди ва мавсумнинг ҳал қилувчи босқичини ўтказиб юборадиган бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:45, 31.01.2023.
Ўқилди: 2238 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.