"Челси" бош мураббийи Грэм Поттер футболчининг "ПСЖ"га ўтиши муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, "кўклар" ярим ҳимоячиси Хаким Зиеш жамоа машғулотларига қайтганини маълум қилди.
Қишки трансфер ойнасининг сўнгги кунларида марокашлик футболчи Париж клубига ўтиши мумкин эди, аммо "Челси" керакли ҳужжатларни белгиланган муддатдан кейин жўнатди, натижада томонлар шартномани ўз вақтида ёпишга улгурмади.
"Зиеш қайтди. У бугун эрталаб машқ қилди. Бундай воқеалар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ ва охиргиси ҳам бўлмайди. У профессионал ва ҳамма нарсани тушунади. У ўзини жамоа учун бағишлайди ва ўйнашга тайёр бўлади. Хаким мавсум охиригача муҳим ўйинчи бўлиб қолади", — деди Поттер Goal билан суҳбатда.
29 ёшли марокашлик футболчининг "Челси" билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.