Футболга VAR кириб келганига анча бўлди. Англияда 2019-2020 йилги мавсумдан буён бу тизимдан мунтазам фойдаланиб келинади. Аммо у бўлмаганида нима бўларди? Қуйида АПЛнинг VAR'сиз жадвали шакллантирилди. Ундадаги натижалар эса сизни, балки, бироз ажаблантирар ҳам.
"Ливерпуль" бу мавсумда VAR билан "ўртоқ" бўлиб олган дейиш мумкин. Агарда бу мослама бўлмаганида, мерсисайдликлар ҳозирги қайд этиб турган тўққизинчи поғонасидан ҳам қуруқ қолган бўларди. Шунингдек, "Тоттенхэм" "МЮ"дан ўзиб кетиб, кучли тўртликка кириб оларди. ESPN нашри томонидан тақдим этилган жадвал "эски АПЛ даври"ни эслатади. Муқобил рўйхатда келтирилишича, VAR'сиз "Арсенал"нинг етакчилиги бироз сусайган бўларди. Лондон жамоаси "Манчестер Сити"ни 5 очко эмас, балки 3 очко фарқ билан ортда қолдириб турарди. Аммо ҳали бу ҳаммаси эмас. Асосий воқеалар янада қуйироқда рўй беради.
"Шпорлар" эски услубдаги жадвалда "МЮ"ни, ҳозирги бешинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилган ҳолда қувиб ўтишини айтгандик. Аммо VAR'сиз ҳолатда энг катта зарар кўрадиган "Ливерпуль" бўлади. Юрген Клопп VAR'га раҳмат айтиши керак. Чунки усиз жамоа 11 ўринга тушиб кетган бўлар, бу эса хавфли ҳудуд билан фарқни 6 тагача қисқартирган бўларди. Аслида эса мерсисайдликлар видео такрорлар орқали 6 очко кўпроқ тўплашга муваффақ бўлган. "VAR'чилар" рўйхатида иккинчи бўлиб "Астон Вилла" қайд этилади. Бу клуб 4 очкони айнан "Ливерпуль" услубида олган. Кейинги ўринларни эса уч очко билан "МЮ", "Брентфорд" ва "Кристал Пэлас" эгаллайди.
Бу мавсумда VAR'дан энг кўп азият чеккан жамоа рўйхатида "Лидс Юнайтед" қайд қилинган. Жесси Марш бу тизим сабабли беш очко йўқотган. Тескари жадвалда, очко йўқотиш борасидаги рўйхатнинг иккинчи поғонасини уч очко билан "Манчестер Сити" ва "Вест Хэм" банд этиб турибди. "Брайтон" ва "Эвертон"дан эса иккитадан очко айириб ташланган. Шундай қилиб, VAR АПЛда катта таъсирга эга бўлиб бормоқда.
"Ливерпуль" VAR'дан энг катта фойда кўрди. Акс ҳолда Клопп ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди. Хусусан, октабрь ойида айнан VAR "Брайтон" билан баҳсда Роберто Фирминонинг иккита голидан биттасини ҳисобга олинишига сабаб бўлган. Ҳисоб эса 3-3 билан якунланганди.
Ўша ойда "Манчестер Сити" билан 1-0 ҳисобида ғалаба қайд этган Клопп жамоаси, аслида бунга лойиқ эмасди. Фил Фоденнинг голи бошқа жойда содир этилган қўполлик туфайли VAR томонидан бекор қилинган ва ўйин "қизиллар" фойдасига ҳал бўлган.
ИСМАТОВ Ж.