"Манчестер Юнайтед" кейинги 3 та АПЛ баҳсини Каземиросиз ўтказишга мажбур. Чунки бразилиялик футболчи кеча "Кристал Пэлас" билан баҳсда тўғридан-тўғри қизил карточка олганди. VAR томонидан кузатилганидан кейин, Каземиро рақиб футболчисини томоғидан бўғгани маълум бўлди. Бош ҳакам Андре Маринер унга қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. Айтиш керакки, Эрик тен Хаг даврида илк бор "МЮ" футболчиларига қизил кўрсатилди. Шунингдек, Каземиро ҳам ўз фаолиятида биринчи марта тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида тен Хаг муҳим футболчиларни йўқотиш борасида фикр билдирган эди.
"Ҳа, Каземиро бизга жуда ҳам керак. Аммо футболда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Биз буни яхши биламиз. Футболчилар жароҳат олиши мумкин. Бундан ҳам қоча олмаймиз. Албатта, муваффақият қозониш учун сизга асосий таркиб футболчилари керак бўлади. Ўйлайманки, иккита Каземиро ёки иккита Эркисенга эга бўлиш имконсиз иш. Бизда улардан фақат биттадан бор холос. Биз "МЮ"ни қайтадан қурмоқчимиз. Аммо бу осон бўлмайди. Бунга вақт керак. Олдингидек, ҳамма совринлар учун курашмоқчи бӯлсак, бизга мавсумлар давомида тўпланадиган тажрибалар зарур. Каземиродан айрилиш эса бизга бу йўлда катта муаммолар туғдиради".
Эндиликда 30 ёшли ярим ҳимоячи "Лестер" ва "Лидс" билан бўладиган муҳим баҳсларни ўтказиб юборишга мажбур. Аммо у Европа лигасидаги "Барселона"га қарши баҳсда майдонга тушиши мумкин. Бразилия терма жамоаси аъзоси "Ньюкасл" билан лига кубоги финалига қайта оладими ёки йўқ, бу ҳали номаълумлигича қолмоқда. Қуюда "МЮ"нинг бу мавсумдаги Каземиро билан ва усиз қандай натижалар қайд этганига эътибор қаратмоқчимиз.
Каземиро билан:
Ўйинлар сони: 23 та
Ғалабалар: 18 та
Дуранглар: 3 та
Мағлубиятлар: 2 та
Урилган голлар: 42 та
Ўртача голлар сони: 1,82 та
Ўтказилган ўртача голлари сони: 0,60
Ўртача тўпланган очколар: 2,47
Ғалаба кўрсаткичи: 78%
Мағлубият кўрсаткичи: 8,7%
Каземиросиз:
Ўйинлар сони: 11 та
Ғалабалар: 7 та
Дуранглар: 0 та
Мағлубиятлар: 4 та
Урилган голлар: 22 та
Ўртача голлар сони: 2,0 та
Ўтказилган ўртача голлар сони: 1,72 та
Ўртача тўпланган очколар: 1,90
Ғалаба кўрсаткичи: 63,6 %
Мағлубият кўрсаткичи: 36,4%
ИСМАТОВ Ж.