"Манчестер Юнайтед" афсоналаридан бири Рио Фердинанд сўнгги турда "Арсенал" ва "Манчестер Сити"нинг қоқилишидан кейин, "қизил иблислар" мавсумни қаерда якунлашини тахмин қилди. Бу турда "МЮ" 2-1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз ҳамшаҳарлари билан фарқни уч очкогача қисқартириб олганди. "Арсенал" эса "Эвертон" билан ўйинга яхши тайёргарлик кўрмаган экан. Бу эса уларга қимматга тушди. Айни дамда Эрик тен Хаг ва Микель Артета жамоалари ўртасидаги фарқ 8 очкони ташкил этмоқда. Шунга қарамай, "Арсенал"да ўзининг энг яқин таъқибчиларига қараганда битта кўп ўйин ўтказиш имкони бор.
Фердинанд икки етакчининг қоқилишидан кейин турнир жадвалининг якуни борасида ўз қарашларини билдириб ўтди. У шундай дейди: "Ўйлашимча, "МЮ" мавсумни қулай равишда, кучли тўртликда тугатади. Негаки, бу жамоа атрофидаги клублар "Юнайтед"чалик барқарор эмас. Ҳа, "МЮ" ҳали ҳам ривожланиш фазасида ва натижа жиҳатидан "Арсенал" ва "Манчестер Юнайтед"дан ортда қолмоқда. Аммо менга улар мавсумни мана шу, учинчи ўринда тугата оладигандек туюлмоқда. "Манчестер Юнайтед" лига кубоги финалига йўл олганди. Бу эса жамоа футболчиларига катта ишонч тақдим этди. Ўз навбатида бу руҳият АПЛга ҳам кўчиб ўтди.
Ҳозир жамоа нима қилишни жуда ҳам яхши билади. Футболчилар ўз жойида қолиш учун қаттиқ меҳнат қилмоқда. Ҳозир ҳеч ким асосий таркибдаги ўрнини бериб қўйишни истамайди. Улар курашни ушлади ва буйоғига қўйиб юборишни ўйламайди. Чунки ҳар бир ўйин футболчиларга нималарга қодир эканини бутун дунёга кўрсатиш учун яхши имконият тақдим этиб турибди. Табиийки, уларнинг ҳеч бири бундан фойдаланмай қолмайди. Таркибдаги бу жараёнлар футболчилар орасида рақобатни ўстиришга хизмат қилмоқда. Рақобат ўз навбатида натижаларни яхшилайди".
"Ноттингем" билан ярим-финал баҳсида октябрдан бери илк бор, Жейдон Санчо майдонда кўриниш берган эди. Эрик тен Хаг ҳужумчи жисмоний ва ақлий жиҳатдан толиққанини билдирган. Бу борада ҳозир ҳаммаси жойида. Рио Фердинанд Санчо ҳақида ҳам фикрларини баён этди.
У шундай деди: "Жейдон Санчо жамоага қайтди. Буни кўриш биз учун ёқимли. Агарда у ўз спорт формасини тиклаб оладиган бўлса, у ҳолда, "МЮ" худди янги футболчи сотиб олгандек бўлади. Санчо каби футболчиларнинг жамоада бўлиши доимо зарур нарса. Агарда у формада бўлса, исталган жамоага муаммо туғдира олади. Негаки, унда бу учун етарлича куч, истеъдод ва техника мавжуд. Қисқа муддатли даврда ўз футболчилари билан "МЮ" янада курашувчан жамоага айланиб олиши мумкин. Жамоа захирасида ўйинга таъсир қила оладиган футболчилар сўнгги ойларда анча саноқли бўлиб қолганди. Санчонинг қайтиши эса бу борада тен Хагга кенгроқ танлов қилиш имкониятини тақдим этади. Тўғри, у "Кристал Пэлас" билан майдонга тушмади. Аммо ишончим комил, бош мураббий Санчога келаётган ҳафталарда етарлича имконият беради. Ҳархолда, шунга умид қиламан".
ИСМАТОВ Ж.