«Челси» сардори Сесар Аспиликуэта яқинда «кўклар» либосида юбилей - 500-ўйинини нишонлади.
Тушунарлики, катта клубларда бу маррага етиш ҳаммага ҳам эмас. Шуни инобатга олган Лондон жамоаси матбуот хизмати испаниялик тажрибали ҳимоячини махсус суҳбатга чорлади.
- Сесар, аввало, «Челси»га қандай келганингизни бир ёдга олсак...
- 2012 йилнинг август ойи... Анча кеч бўлиб қолганига қарамай, тиббий текширувдан ўтгач, клуб базага кирдим ва мени ўша вақтдаги мураббий Роберто ди Маттео қарши олди. Ўша куни бирор футболчи билан учрашмадим, базада фақат раҳбарлар қолишганди. Хуллас, Роберто билан бироз гаплашдим ва қароргоҳни айланиб чиқдим. Кейинги куни эрталаб қайтдим ва янги клубдошларим билан илк марта машғулот ўтказдим. Аввалига Хуан Мата катта ёрдам берди. Қолаверса, болаликдаги кумирларимдан бири Фернандо Торрес ҳам қўллаб-қувватлади. «Челси» кийиниш хонаси жаҳон даражасидаги юлдузларга тўла эди, муҳими, ҳамма мени жуда илиқ кутиб олди. Қисқаси, илк кундан кўтаринкиликни ҳис қилдим, тўғри, машғулотда ҳаяжон босди, барибир. Эртасига «Ньюкасл»га қарши уй ўйинини четдан кузатдим, муҳими, бу учрашув жамоага яқин бўлиш имкониятини берди.
- Дебютингизни қандай баҳолайсиз?
- Илк ўйинни бироз кутишимга тўғри келди. Эсимда, «Челси» либосида биринчи марта сентябрь ойидаги ФИФА кунлари туфайли юзага келган танаффус чоғи «Чарльтон» билан ташкил этилган ўртоқлик ўйинида майдонга тушдим. Шу учрашувдаёқ асосий таркибдан жой олиш учун қаттиқ тер тўкишим кераклигини англадим. Кейин сентябрь ойи охирида Лига кубоги доирасида «Вулверхемптон»га қарши кечган учрашувда имкониятга эга бўлдим. Тўғриси, бошида роса ҳаяжонландим, вақт ўтиши билан эса ўйинга киришиб кетдим ва якунда ҳаттоки, финал ҳуштаги янграшини хоҳламадим. Бинобарин, биз 6:0 ҳисобида ғалаба қозондик, мен майдонда чинакамига завқландим - эсдан чиқмайдиган зўр дебют, яна шовқинли «Стэмфорд Бриж»да.
- Биринчи голингиз ҳам эсингиздами?
- Ҳа, албатта. Уни «Арсенал» дарвозасига урганман.
- Ҳозиргача кўп нарсаларга эришдингиз. Қизиқ, нима етишмаяпти?
- Футбол - бу реаллик. Ҳа, ортга назар солиб, маълум ютуқларга эришганингизни кўриш жуда ёқимли. 2012 йили «Челси» сафига қўшилганимда, клуб ЧЛдаги биринчи ғалабадан сўнг совринларга ўта ташна бўлиб, бу миссияни муваффақиятли бажарарди. Шундай экан, ғолибона юриш давом этиши ва жамоадошларимга бегона бўлмаган ғалаба ҳиссини туйишни хоҳлаганман. Ўзи футболда биринчи совриндан кейин тезда иккинчисини истайсиз. «Челси»да бундай амбиция ҳамиша кучли. Клуб ҳар доим янги ғалабани кўзлайди, ҳисобида қандай кубоклар борлигидан қатъий назар, уларни қайта-қайта қўлга киритишни хоҳлайди.
- «Челси»да сиз билан бирга ўйнаган қайси футболчининг ўзига хос ҳаракатини алоҳида эътироф этишни истардингиз?
- Жамоа ўйинларида ақлга сиғмас индивидуал ҳаракатларни жуда кўп кўрдим, лекин Эденнинг «Ливерпуль» дарвозасига урган голи алоҳида мақтовга лойиқ. Ўша вазиятда Азарга жуда яқин эдим, у тўпни менга узатгани ҳамоно ўзига қайтардим ва... Эден қолганини шунчаки, фантастик даражада бажарди - юқори тезлик, сифат ва якуний зарба!
- 500та ўйинингиз орасидан қайси рақибларга қарши кечганини катта тўқнашувлар сирасига киритасиз?
- Ҳамиша дербини танлайман: «Арсенал» ва «Тоттенхэм»га қарши баҳслар... «Лондон дербиси» - бу нафақат мен, балки бутун Англия учун махсус томоша. Эсимда, биринчи марта «КПР»га қарши дербида қатнашган ва ўшандаёқ бундай ўйинларда ўзига хос жиҳатлари борлигини яққол англаганман.
- Энг чиройли голингиз...
- Менимча, уни «Лестер» дарвозасига йўллаганман. Зарба ўзгача чиққанди-да!
- «Челси»да жароҳат ёки бетоблик туфайли атиги 9та ўйинни ўтказиб юборибсиз. Бу ажойиб натижа.
- «Осасуна»да умуман жароҳатланган эмасдим. Кейин «Марсел»га ўтдим ва биринчи жароҳатга йўлиқдим. Ўшанда тўлиқ тикланишим учун деярли 6 ой кетди ва бу бутун фаолиятимда асқотган тажриба бўлди. Ҳар ҳолда, жароҳат туфайли танамга эътиборни оширдим, кундалик ёндашувни ўзгартирдим. Ёшликда ҳаммаси нисбатан муаммосиз, осон кечади ва ҳамиша шундай бўлишини ўйлайсиз. Лекин битта кутилмаган оғирроқ жароҳат сизни огоҳликка даъват этади. Зеро, шифохонада турли-туман муаммолари бор инсонларни кўрасиз. Дейлик, жароҳатдан кейин Марселдаги тикланиш марказида ҳар куни 8-9 соат шуғулланишимга тўғри келганди. Муҳими, тиббиёт ходимлари мени жуда яхши тайёрладилар - шундан буён қатъий кун тартибига амал қиламан.
- Сардорлик боғичи «Челси»даги мартабангизга қўшимча турткими ёки босим ва масъулият?
- Албатта, жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушиш - улкан масъулият. 2017 йили вице-сардор мақомига эришдим, кейингисида илк марта боғични қўлимга олдим. Чунончи, фаолиятим давомида кўплаб етакчи футболчилар ва сардорлар билан ўйнаб, улардан ўргандим. Дейлик, мағлубият вақти ёки турли қийин вазиятларда ўзимни тутиш ва жамоага қандай таъсир кўрсатиш масаласида.
- 500та ўйин давомида футбол қанчалик ўзгарди?
- Нафақат АПЛ, балки бутун футболда рақобат анча ошди. Эндиликда ҳар бир клуб кучли ва савияли футболчиларга эга. Ўйинда тезлик юқори, маълумотлар ҳам кўп. Ўзи АПЛ атрофидаги муҳит ҳамиша ёқимли, гарчи ОАВ бизга баъзида салбий таъсир кўрсатсада. Ҳа, стадионларда ноўрин ҳодисотлар юзага келганини ҳам кўрдим. Бир қарашда, футбол билан озиқланадиган қандайдир бошқа жамиятда яшаётгандекмиз. Лекин биласизми, майдонга тушгач, мухлислар билан бирга эканлигингизни тушунасиз. Менимча, футбол учун дунёдаги энг яхши муҳит айнан АПЛ атрофида шаклланган.
Манба: chelseafc.com, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади