«Барселона» бош мураббийи Хави Испания чемпионатининг 21-тури доирасида бўлиб ўтган «Вильярреал»га қарши ўйин (1:0) борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Жуда қийин ўйин бўлди. «Вильярреал» персонал таъқибдан фойдаланади. Юқори прессинг қўллайди ва ҳеч нарса қилишга йўл бермайди.
Биз жуда кўп ҳужумлар ташкил қилдим, аммо сўнгги ҳал қилувчи пас етишмади. Агар гол урмасанг, муаммолар бошланади.
Аммо биз жуда муҳим 3 очкони қўлга киритдик ва соврин учун курашишда давом этамиз. Ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиш учун бизда жуда кўп имкониятлар бўлди.
Бугунги баҳсда кўп нарса прессинг пайтида тўпни ким кимдан олиб қўйишига боғлиқ эди. Биз шундай услуб билан кўп гол уряпмиз. Бугун ҳам шунинг эвазига ғалаба қозондик.
Бизнинг биринчи ҳимоячимиз – Левандовски. Агар у фаол ҳаракат қилса, қолганлар ўз вазифаларини бажаришади.
Марк-Андре тер Стеген сўнгги вақтда ажойиб ўйин кўрсатмоқда. У яна бир "қуруқ" ўйин ўтказди. Баъзи хатоларни инобатга олмаганда, «Вильярреал»га имкон бермадик.
Жамоам менда жуда яхши таассурот қолдирди. Биз жисмоний жиҳатдан яхши формадамиз», – деди Хави.