Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Танишинг: яқин келажак юлдузлари!

Баҳо:
+ | -

УЕФА ўсмирлар лигаси - еврофутболнинг безаги бўладиган ноёб иқтидорлар макони.

Улар шу қадар зўр ва шиддатлики, «бир сакрашда» ўринбосарлар жамоаларини ортда қолдириб, асосий таркибдан жой оладилар. Энг сара ғунчалар ўнлиги билан танишув сизларни зериктириб қўймайди, деган умиддамиз.

УЕФА Ўсмирлар Лигаси (ЎЛ) нима?

ЎЛ - 19 ёшгача бўлган жамоалар ўртасидаги ЕЧЛ. Ҳатто гуруҳлари ҳам катталарники каби. Асосий турнирдан ягона фарқи - форматдаги ўзгариш: 1|8 финал босқичи арафасида ЎЛ вакиллари ЕЛдаги каби тўқнаш учрашувларида куч синашадилар. Шу сабабли ўсмирлар ЧЛ асосий турнирга нисбатан барвақтроқ баҳорги босқичга қайтади. ЎЛ жорий мавсумидаги қизиқарли факт: мусобақанинг амалдаги ғолиби - «Бенфика» гуруҳ босқичидан чиқа олмади. «Барселона», «Реал», «Ливерпуль», «Милан», «Манчестер Сити», «Атлетико», «ПСЖ» ва «Спортинг» тўғридан-тўғри нимчорак финал иштирокчиларига айланишди.

1. Пауль Ваннер - «Бавария», 17 ёшда, плеймейкер

Рўйхатдаги етакчи юлдуз. Ҳозирнинг ўзида асосий таркибдан жой олиб, жамоанинг ЕЧЛдаги энг ёш дебютанти бўлишга ҳам улгурди. Юксак савияни йўқотиб қўймаслик учун баъзан ЎЛда ҳам майдонга тушади: 3та ўйинда 1та гол, 2та ассист. «Бавария» гуруҳдан чиқа олмади, лекин Пауль ёқимли таассурот қолдиради. Бўшлиқни хуш кўрадиган плеймейкер анча бўйдор (185 см.), рақибга қарши якка курашда ўзини яхши ҳис этади. Чидамли, тезкор, дриблингни ёқтиради. Чапақай.

2. Итан Мбаппе - «ПСЖ», 16 ёшда, ярим ҳимоячи

Сайёрамиздаги энг ёрқин ўйинчилардан бирининг туғишган укаси! Ва ўта ноёб иқтидор соҳиби - академиянинг келажаги порлоқ вакиллари етакчиси. Жорий мавсумда Галтьенинг ташаббуси билан асосий жамоада машқ қилмоқда. Итан таянч ҳудуди яқинида тўп суради: ҳужумнинг бошланғич босқичида ёрдам беради, тез-тез ортга қайтади. Уни Марко Верраттига қиёслашмоқда. Акасичалик шиддатли эмас, лекин юксак техника соҳиби. Ўйинни ташкил этиш ва тўпни олиб юришни ёқтиради.

3. Ламин Ямал - «Барселона», 15 ёшда, ўнг қанот вингери

Ла Масиянинг энг ёрқин тарбияланувчиси. У шунчалик зўрки, шартнома муддатини узайтиришини Хави сабрсизлик билан кутмоқда. Ҳозир Ямал ЎЛда дебют мавсумини ўтказмоқда. 4 марта захирадан майдонга тушгач, гуруҳ босқичининг сўнгги турида бошланғич таркибда майдонга тушди. Ламин ўз тенгдошларига нисбатан тез улғайди: жисмонан 19 ёшли жамоадошларидан қолишмайди, юқори тезликка эриша олади, кучли зарба соҳиби, қадамлари катта. Чапақай, ҳужум чизиғининг ўнг қанотида ўйнайди, тез-тез марказга ўтиб, айланма зарбаларни амалга оширади. Ўзи энди 15га чиқди!

4. Нико Пас - «Реал», 18 ёшда, плеймейкер

«Кантера»нинг энг нодир жавоҳирларидан бири. Relevo нашри ахборотига кўра, Пас Карло Анчелоттида ёрқин таассурот қолдирган. Энди дон Карло ундан улкан муваффақиятларни кутмоқда. ЎЛнинг жорий мавсумида Нико 5 учрашувда 5та гол урди, кейин «қаймоқранглилар»нинг ўринбосарлар жамоасига ўтди. Тезлик ва чаққонлик бобида мақтана олмасада, Нико ўз фаолиятини вингер позициясида бошлаганди. Кейинчалик уни ярим ҳимоя чизиғига ўтказишгач, ўйини юришиб кетди. Нико Пас - маҳоратли, жисмонан бақувват ўйинчи, ҳужумчи ортида ўйнайди ва креатив учун тўлиқ жавобгар. Жорий мавсумда у шиддатли тараққиётга эришди, етук футболчилардан Фабиан Руис ва Хамес Родригесларни эслатади.

5. Виктор Барбера - «Барселона», 18 ёш, ҳужумчи

Ўта сермаҳсул снайпер. Бу борада рақамларга мурожаат қиламиз: ЎЛдаги 4та беллашувда 7та гол, «Бавария»га хет-трик. Жорий мавсумда уни «Барселона» ўринбосарлар жамоаси таркибида тобламоқдалар - у ерда ҳам ҳужумчи мерганликни намойиш этди: 14та ўйинда (8таси бошланғич таркибда) 5та гол. Викторни Левандовски ва Суареснинг чатишмаси дейишади. 4-3-3 схемасида у соф ҳужумчи позициясида тўп суради, тўпсиз ўта ақлли ҳаракатланади, юксак интеллект ва инстинкт соҳиби.

6. Адриан Ниньо - «Атлетико», 18 ёшда, ўнг қанот вингери

Афтидан, Эль-Ниньо (Торреснинг тахаллуси) «матрасчилар» учун янги Ниньони тарбиялаётгандек. Адриан Фернандо Торрес раҳбарлигида ЎЛ доирасидаги 6 учрашувда рақиблари дарвозасини 7 марта забт этди! Ниньо турнирнинг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда гол урган дастлабки футболчи бўлди. Бироқ ҳанузгача асосий жамоадан чорлов олгани йўқ. Адриан ҳаракатчан, тезкор ўйинчи. Орқа чизиқдан бўш ҳудудда очилишни хуш кўради, кўпинча чизиқлар ўртасида ўйнайди. Бош билан урган голлари кўп эмас.

7. Карлос Боргес - «Манчестер Сити», 18 ёшда, чап қанот вингери

Португалиялик ҳужумчи жорий мавсумда 19 ва 21 ёшгача бўлган жамоаларда умумий 19та ўйинда 18та гол урди. Қўшимчасига, 11та ассистни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди. ЎЛдаги натижаси - 5 учрашувда 4}5. Тез орада асосий жамоага кўтариладиган кўринади: ижарами ёки асосий таркиб захирасига? Биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам бўлмаслиги ва Гвардиоланинг ўзи ўсмир билан кўпроқ шуғулланиши мумкин. У «Сити» давридаги Лерой Санега ўхшайди: тезкор, баланд бўйли, қанотга яқин ҳудудда ўйнайди ва керакли пайтда тезликни оширади.

8. Матеус Фернандес - «Спортинг», 18 ёшда, ярим ҳимоячи

ЎЛдаги энг қиммат (1,5 млн. евро) ўйинчиларнинг бири. Ўйини Давид Сильвани эслатади: техник маҳорат, олис узатмаларни амалга ошириш қобилияти, универсализм - замонавий футболда қадрланадиган хислатлар. Матеус ЎЛнинг 4 учрашувида 5 (2}3) баллни расмийлаштириб, асосий жамоа билан ички чемпионат ва ЕЧЛда дебютини нишонлашга ҳам улгурди. 

9. Алеш Гарридо - «Барселона», 18 ёшда, ярим ҳимоячи

19 ёшлилар жамоасининг навбатдаги муҳим ўйинчиси. У ҳужумкор ўйинчилардан анча орқароқда тўп суради ва улар учун қулай вазиятлар яратиш билан шуғулланади. Гарридо жорий мавсумда 6та ассистни амалга оширди. У Лука Модричга жуда ўхшайди - бўй (170 см.) ва ўйин услуби жиҳатидан: юксак маҳорат ва сифатли узатма, шунингдек, майдондаги вазиятни тўғри баҳолаш ва тактик зукколик. Лекин «Барса»даги кучли рақобат шароитида ўз ўрнини топа олармикан?

10. Илёс Ҳусний - «ПСЖ», 17 ёшда, ҳужумчи

ЎЛ гуруҳ босқичининг энг яхши тўпурари - 6та ўйинда 8та гол. Яқинда бўлиб ўтган Франция Кубоги доирасидаги учрашувда «ПСЖ» таркибида илк марта захирадан майдонга тушди. Шунча гол ургани туфайли уни ҳужумчи, деб ҳисоблашади. Аслида Илёс жамоадошлари учун кўпроқ вазиятлар яратади. Жамоа тўпни олдинги чизиққа етказишда муаммоларга дуч келганида, у ортга қайтади ва шерикларига ёрдам беради. Рақиб жарима майдончаси яқинида ҳам у аввало жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқишга уринади. Ваҳоланки, дриблинг ва тезликни ўзи учун имконият яратишда фойданиши ҳам мумкин эди. Илёс рақиб ҳимоясидаги заиф жиҳатларни ўз вақтида кўра олади ва улардан унумли фойдаланади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 13:09, 13.02.2023.
Ўқилди: 6003 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.