Эден Азар ёзда "Реал"ни тарк этиши мумкин.
The Athletic журналисти Марио Кортегананинг хабар беришича, Азар ва унинг агентлари яқин вақт ичида клуб раҳбарияти билан учрашиб, футболчининг келажаги ҳақида гаплашади. Катта эҳтимол билан бельгиялик футболчининг шартномаси 2024 йилнинг июнигача тузилганига қарамай, шу ёзда жамоани тарк этади. Клубнинг Азар билан хайрлашмоқчи бўлган сабабларидан бири унинг юқори маоши - бонуслар ва имидж ҳуқуқидан тушган даромадни ҳисобга олган ҳолда солиқлар тўланганидан кейин тахминан 15 миллион еврони ташкил этади.
Клубнинг фикрича, Азар фаолиятидаги бурилиш нуқтаси 2019 йил октябр ойида "ПСЖ"га қарши Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи ўйинида Томас Менье билан тўқнашувда олган жароҳати бўлди. Transfermarkt маълумотларига кўра, Азар "Реал"даги 3 ярим мавсум давомида жами 18 та жароҳат олган ва 498 кун ва 77 ўйинни ўтказиб юборган. Илгари "Челси"даги 7 мавсумда вингер жароҳат сабаб бор-йўғи 198 кунни ўтказиб юборганди.