Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Кекса синьора»нинг навқирон халоскори

Баҳо:
+ | -

Сўнгги йилларда ўз ўйинини йўқотиб қўйган «Ювентус» ниҳоят, «уйғонди» ва қаторасига 5та учрашувда зафар қучди.

Аслида, ижобий ўзгаришлар бирмунча аввал, октябрь ойидаги «Лечче»га қарши баҳсда бошланганди. Ўшанда таркибда атиги 3 нафар соғлом ярим ҳимоячи қолган, Аллегри эса табиийки, тажрибалироқ шогирдларига ишонч билдирганди. Аксига олиб, улар ишончни оқлай олмадилар. Югура-югура ҳолдан тойган Маккеннини мураббий захирага олишга мажбур бўлди. Унинг ўрнини тўлдириш учун 21 ёшли Николо Фаджолидан бошқа номзод йўқ эди. Шундан кейин туринликлар мағлубиятни батамом унутдилар. Николо марказий чизиқни талаб даражасига олиб чиқди, «А» сериясидаги 6 учрашувни умумий 9та жавобсиз гол билан ўз фойдасига ҳал этди. Қўшимчасига, ўз майдонида «ПСЖ»ни «синдирди». Биргина футболчи мавсумни қутқара олишига ишонасизми? Тўғри, ишониш қийин. Лекин шунақа воқеалар ҳам бўлиб туради.

Фаджоли ўз тенгдошларидан анча илгарилаб кетганди. Бир оз сусткашликка йўл қўйганида «Кремонезе» «сургуни» ва «В» сериясининг энг яхши ярим ҳимоячиси унвони унга ёрдам берди.

Аслида, Николо 5 йил муқаддам ноёб иқтидоридан нишона берган, 2018 йилда Аллегри уни АҚШдаги мавсумолди йиғинига жалб этганди.

Афтидан, ёш иқтидорнинг келажаги аввалдан ҳал бўлганди. Барча садоқатли мухлислар авлоди қатори (Фаджолилар оиласи салкам 100 йилдан бери «Ювентус» мухлиси) Николо ўзини фақат йўл-йўл футболкада тасаввур қилар, бошқа ўта манфаатли таклифларни доимо рад этарди. Туринга у 13 ёшда келган бўлсада, тенгдошларидан анча ўзиб кетган, жуда кўп ўйинлар тақдирини бир ўзи ҳал этарди.

Хуллас, Фаджоли ҳали балоғатга етмай туриб, туринлик мухлисларнинг италиялик ёшлар орасидан мукаммал плеймейкер чиққанини кўриш орзуларини рўёбга чиқарди. Айнан шу паллада Фаджо дастлабки қийинчиликларга дуч келди. Ҳайратомуз ўйинларни тезда унутган Аллегри 2018/2019 йиллар мавсумида маҳаллий тарбияланувчига бирор дақиқа имконият бермади. Сарри ва Пирло ҳам усиз ишлашни маъқул кўришди - фақат ўткинчи ўйинларда баъзан синаб кўришди.


Нима сабабдан Фаджоли жуда кеч ўзини кўрсатди?

2019 йил апрелида шифокорлар Николода юрак аритмияси хасталигини аниқлашди: жарроҳлик муолажаси ва тикланиш даври зафарли мавсумда дебютини нишонлашига имкон бермади. Пирло ва Сарри сифатсиз шаклланган жамоа билан овора бўлиб, тарбияланувчилар билан яқинроқ танишишга вақт топа олмадилар. Фаджо ушалмаган орзу мақомига яқин турганида, «В» сериясига «сургун» қилиниши унга қўл келди. Бир йил аввал саломатлигини тиклаб олган футболчи қадрдон «Кремонезе» сафидан жой олиб, уни «А» сериясига олиб чиқишга ваъда берди. Кейин... 3та гол ва 7та ассист билан лиганинг энг яхши ярим ҳимоячиси унвонига сазовор бўлган ҳолда ваъдани бажарди. Қизиғи, у асосан таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп сурганди.

Ёзда ортга қайтган Николо навбатдаги эҳтиёткор мураббийга дуч келди ва октябрь охиригача сабр қилишга мажбур бўлди - кейин нурсиз кечаётган баҳснинг иккинчи бўлимида майдонга тушиб, Дель Пьеро услубида гол урди. Навбатдаги турда у «Интер» дарвозасини забт этди. лекин гап фақат голда эмас.


Фаджоли «Юве» муваффақиятининг биринчи сабабчиси. У билан марказ жонланди.

Италия футболининг ўзига хос жиҳати - маҳаллий иқтидорларга эътиборнинг сустлиги. Матбуот бу муаммони кўтармайди, клублар зиқналик қиладилар, мураббийлар маҳаллий ёшларга етарли имконият бермайдилар. Ҳатто аҳоли ўртасида ҳазилнамо ибора шаклланган: агар италияликлар шарифи «ич» билан тугаганида, футболда кўпроқ имкониятга эга бўлишарди.

Фаджоли - «Юве»даги ўзгаришлар сабабчиси. Буни рақамлар исботлай олмайди. Статистика борасида Николо яққол ажралиб турмайди. Бу қисман жамоанинг тўпни пастдан олиб юриш услуби билан боғлиқ. Фаджо шунчаки, «Юве»нинг марказий чизиғи учун етишмай турган муҳим мурватга айланди. Аллегри бунга эришиш учун 1,5 йил тер тўкди, марказда дуэт ва триодан фойдаланиб кўрди. Бироқ Локателли ва Рабьо ноқулай юмушга мослаша олмадилар, Маккенни таслим бўлди, Закариё «Челси»га ўтиб кетди. Ўрта чизиқдаги номутаносибликдан бутун жамоа зарар кўрди.

Фаджо «Юве»нинг услубини тубдан ўзгартирди. 3-5-1-1 схемасида у ўнг қанот 8лиги ролида пала-партиш ҳаракатларга тартибга келтирди. Натижада позицион ҳужумдаги прессинг ва барқарорлик ортди, тўпни назорат қилиш ва тажовузкорлик яхшиланди.

Лекин асосий ўзгариш Рабьо ва Локателли ўйинларидаги ижобий силжиш бўлди. Юқорида зикр этилганидек, бу футболчилар ноқулай ролларни бажаришга мажбур бўлишганди. Николонинг келиши уларни ортиқча «бош оғриғи»дан халос этди:

• Юқорироқ ҳудудга ўтган Рабьо жамоанинг энг самарали ярим ҳимоячисига айланди: Фаджоли майдонга тушган барча ўйинларда самарали узатмани амалга оширди;

• Локателли «Сассуоло»даги ўйинига яқинлашиболди: у эркин ҳаракатланган ҳолда вертикал футболни намойиш этарди. «Юве»да шу услубни Николо ёрдамида қўлламоқда. Яъни, таянч ҳудудини Фаджога қолдириб, ўзи бўш ҳудудларга интилмоқда.

Ҳозирча, «Ювентус» соғайди, дейиш ноўрин. Лекин аввалгидан яхшироқ ўйнаётгани аниқ. Бунга Фаджоли жамоадошларига нисбатан кўпроқ ҳисса қўшди. У Аллегрига қайси йўналишга жиддий эътибор қаратишни кўрсатиб қўйди. Қизиғи, ҳали у ўз маҳоратининг ярмини ҳам намойиш этишга улгурмаган.

Умид қиламизки, 2023 йилда Николо яна нималарга қодир эканлигини кўрсатади, у билан «Юве»нинг ўйинлари томошабоплиги ортади.

Италиялик қаҳрамонимиз барча ҳудудларга таъсир кўрсата оладиган Лука Модрич ўйинларидан илҳом олишини айтди: «Мен вингер, 2-ҳужумчи, ўнлик, саккизлик ва таянч ярим ҳимоячиси ролларида ўйнадим. Бироқ саккизлик роли ҳам менга жуда мос».

Эҳтимол, бу эътироф бир оз ажабланарли туюлар. Лекин «Ювентус» мавсумини тубдан ўзгартириб юборган 21 ёшли ярим ҳимоячи ҳали чинакамига ишга киришгани йўқ. «А» серияси унинг энг ёрқин ўйинларига энди гувоҳ бўлади. Бунинг учун озгина вақт талаб этилади. У бор маҳоратини намойиш этса, мураббийнинг ишончини қозонади. Ана шунда Фаджоли хорватиялик фахрий каби барча ҳудудларда ҳал қилувчи ўйинчига айланади. Ёшлар жамоаси мураббийи Ламберто Заулининг таъбири билан айтганда, Николо яшил майдонда ҳар қандай юмушни аъло даражада уддалай олади. Қачонки, унга халал беришмаса.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:58, 19.02.2023.
Ўқилди: 1712 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.