Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Машариповдан мактуб: «Энди сизга Роналду ҳақида айрим нарсаларни айтиб беришим мумкин...»

Баҳо:
+ | -

Икки ой олдин Жалолиддин Машарипов Криштиану Роналдунинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини томоша қилар, Қатардаги турнирдан кейин эса унинг Саудия Арабистонига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни ҳаяжон билан кузатарди. Энди эса у ҳар куни португалиялик юлдуз билан кўришиб, ўйинларда жамоадошига пенальтилар ишлаб бермоқда. Роналду Саудия Арабистонида ҳам севимли 7-рақам остида тўп сурмоқда - ўтган ойда Машарипов бу рақамни ўз ихтиёри билан Криштиануга топширди ва энди ҳар кунги машғулотларда уларни ўзаро гаплашаётганини кўриш мумкин. 38 ёшли юлдуз Ўзбекистонга салом йўллашга ҳам улгурди. Криштиану «Ал-Наср»даги жамоа ҳаётини қанчалик ўзгартирди? Бош мураббий мавқеи ўзидан баланд шогирдига мулозамат қиляптими? Машғулотларда футболчилар суперюлдузни аяшмоқдами? Сўз Жалолиддинга.

***

Салом! Мен Жалолиддин Машариповман, Криштиану Роналду билан бир клубда тўп сураман.

2021 йилда «Пахтакор»дан «Ал-Наср»га ўтдим. Ўшанда олдимда Россия, БАА ва бош­қа мамлакат жамоаларидан таклифлар бор эди, аммо мен Саудия Арабистони чемпионатини даражаси кучли экани учун танладим.

Саудия Арабистони мамлакат сифатида мени унча ҳайратга солгани йўқ, аммо бу ердаги футбол атмосферасини бунчалик эканини кутмагандим. Футбол бу ерда жуда ҳам оммалашган. Ўйингоҳларда мухлисларнинг кўплиги ва улар ўз жамоаларини қандай қўллаб-қувватлаши ҳайратга солди. Шу боис Саудия Арабистонининг Қатардаги жаҳон чемпионатида шов-шув кўтаргани ҳам бежизга эмас.

Маҳаллий чемпионат - жуда ҳам яхши савиядаги турнир. Араб мамлакатлари, айниқса Саудияда тўп суриш аслида осон эмас. Европадан кучли футболчиларнинг келиши лига даражасини оширди, легионерларга осон бўлаётгани йўқ. Чунки хориждан келган ҳамма ўйинчилар ҳам бу ерда ўз ўйинларини кўрсата олишмайди, сабаби ҳар қандай жамоа ўйин охиригача жанг қилишга тайёр. Шундай экан, Роналду трансфери - мамлакат футболининг ҳақли ютуғи.

Кўпчиликни Криштианунинг ҳаётда қандай инсон экани қизиқтиради: у нима ҳақида гапириши, қандай машғулот ўташи, қаерда яшайди. Бу ҳақда сизга баъзи бир гапларни айтишим мумкин.

Роналду илк кунларданоқ жамоа билан яхши чиқишди. Тил борасида муаммо йўқ, у барча билан тил топишди. Маҳаллийлар билан инглиз тилида - бу ерда кўпчилик инглизчада эркин сўзлаша олади. Легионерлар билан эса испанчада гаплашади.

Унга таржимон ва тансоқчилар ҳамроҳлик қилади. У машҳур инсон, шу боис эҳтиёт чораларини кўришга мажбур. Криштиану Ар-Риёддаги энг зўр меҳмонхонада яшамоқда. Тез орада ҳашаматли виллалардан бирига кўчиб ўтади. Клубда бу масалада танлов футболчиларда - кимдир меҳмонхонада қолишни истайди, кимдир эса ўйингоҳдан узоқда бўлмаган уйларни танлайди. Раҳбарият ўйинчилар учун барча шароитни муҳайё қилиб қўйган.

Унинг маоши бизни қизиқтирмайди. Жамоамизда юқори савияли ўйинчилар талайгина, аммо Роналду - футбол тарихидаги энг буюк ўйинчилардан бири. Табиийки, унга кўп ҳақ тўлашади ва у бунга лойиқлигини доим кўрсатган. Жамоадаги бошқа ўйинчиларга ҳам бу масалада яхши шароитлар яратилган.

Роналду клубдаги илк кунлариданоқ ўйинчиларга мурожаат қилиб, аввало жамоа бир оилага айланиши шартлиги, бу ерга совринлар учун келганини бир неча маротаба таъкидлади. У барча билан бир хил муносабатда бўлади, шунинг учун ҳам унга бўлган ҳурмат кундан-кунга ошмоқда. Криштиану барчамиз учун намуна бўла оладиган футболчи.

Унинг топ-даражада эканини аввалдан билганмиз. Бунинг учун аслида Роналду билан бир жамоада ўйнаш ҳам шарт эмас. Унинг совринлари ва натижалари барчасини айтиб турибди. Криштиану учун футболда исботлайдиган ҳеч нарса қолмаган. У «Ал-Наср»га келгунга қадар барчасини исботлаб бўлган.

Шунга қарамай, Роналдунинг катта обрў-эътиборга эга экани унга қандайдир имтиёз бермайди. Шахсан мен Роналду машғулотларда биз билан ҳозиргидек яқин бўлиши, шерикларим унга қарши жиддий ўйнай олади, деб ўйламагандим. Ҳаммамиз машғулотларда тўлиқ куч билан ишлаймиз, аммо баъзида бошқа шерикларимиз қатори унга нисбатан эҳтиёткор ўйнашга ҳаракат қиламиз. Машғулотларда қоидабузарликлар, тўпга қўпол ташланиш мумкин эмас. Бу ҳақда ҳеч ким биздан сўрамаган, шунчаки Роналдуни жароҳатлардан эҳтиёт қилишга интиламиз. Бу нормал ҳолат. Ҳар бир жамоадошимиз ҳақида қайғурамиз.

«Ал-Таи»га қарши учрашувдан аввал (Роналду келганидан кейинги 1-ўйин) кийиниш хонасида атмосфера одатдагидек эди, аммо ёнимизда энг кучли футболчилардан бири турганини ҳис қилиб турдик. Унга қараб, жамоадаги ҳар бир футболчи ўз ишига янада профессионал даражада ёндашишни бошлади. Роналдудек футболчи турганда сардорлик боғичини жамоамиздан бошқа кимдир олиши ғалати бўларди. Криштиану сардор бўлишини барчамиз кутгандик. Собиқ сардоримиз ҳам боғични мамнуният билан топширди. Бу борада ҳеч қандай англашилмовчилик йўқ. Фикримча, бу энг тўғри қарор. Бошқача ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Шу ўринда мен Криштиануга топширган 7-рақам ҳақида сўрашни истарсиз. Роналду «Ал-Наср»га келиши ҳақидаги хабарлар энди тарқала бошлаганидаёқ менинг жамоадан кетишим ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқала бошлади. Криштиану келишидан олдин мендан «7-рақамингизни унга берасизми?», дея сўрай бошлашди. қандай қилиб йўқ дейишим мумкин? Ахир у Криштиану Роналду! Бундай ўйинчиларни ҳурмат қилиш шарт! Криштиану 7-рақамнинг янги эгасига айлангач, кўпчилик «Ал-Наср»дан кетишимни тахмин қила бошлади. Аммо мен шунчаки рақамимни топширгандим, холос. Кетиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Клуб ҳам, мураббий ҳам мени жамоада кўришни истарди. қолаверса, амалда шартномам ҳам бор эди. Рақамимни ўзгартирганим сабаби эса фақатгина Роналдунинг келгани учун эди. Бу йигит - жаҳоннинг энг яхши икки ўйинчисидан бири. Шу боис бу масалада ортиқча гап бўлиши мумкин эмас эди.

Ўшанда жамоадошимиз Венсан Абубакар айнан Роналду учун клубдан кетгани ҳақида кўп ёзишди, хабарлар тарқалди. Аслида эса бундай бўлмаган. Венсан қолишни хоҳлаганида кетмасди. Криштиану ҳам ундан жамоада қолишни сўраган. У захира ўриндиғида ўтирмаслик учун кетишни лозим топди. Фикримча, Венсан буни мардонаворлик билан қабул қилди. Чунки Криштиану келгач, Венсан унинг соясида қолишини сезди. Шу боис яхшироқ таклиф тушгани билан «Ал-Наср»дан кетди. Ҳеч қандай можаро бўлгани йўқ.

ОАВларда баъзида ошириб юборишади. Масалан, Жуниньо Роналду «Ал-Наср»га келса, Руди Гарсия унга нонуштасини ҳам ташишини айтди... Аммо бош мураббий португалияликга мулойимлик қилаётганини кўраётганимиз йўқ. Руди Гарсия - ажойиб инсон. Роналду ва у - катта профессионаллар. Мураббий барчага бир хил муносабатда бўлади. Исталган ўйинчи у билан соатлаб гаплашиши мумкин.

Криштианунинг Ар-Риёдга келганидан кейин клубнинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 15 бараварга ошди. Шахсан ўзим у билан видеони саҳифамда жойлаганимда жуда кўпчилик менга обуна бўлди. Айниқса, Ўзбекистондан. Мен Роналду билан бирга ўйнаган биринчи ўзбекистонлик бўлдим. Шундай экан, бунинг ажабланарли жойи йўқ деб ўйлайман.

Ижтимоий тармоқлардаги аудиториянинг ўсиши - Криштиану билан шартнома имзоланганидан кейин клубдаги ягона ўзгариш бўлди. Саудия Арабистони чемпионатини томоша қилишни хоҳловчилар сони ҳам тезда ошди.

Матбуот Саудия Арабистонига келиши мумкин бўлган янги юлдузлар ҳақида ёзишдан тўхтамаяпти: Эден Азар, Кейлор Навас, Сержи Бускетс, Марко Ройс, Пепе, Серхио Рамос. Уларни бу ерда кўриш имконияти аввалгидан анча ошди. Ўйлайманки, энди ҳеч бир футболчи Саудия чемпионатини кучсиз лига деб ҳисобламайди. Уларга таклиф тушса, қабул қилиниши эҳтимоли катта.

Роналдунинг ўтишидан кейин бошқа юлдузларни чақириш нисбатан осонлашади. «Ал-Наср» энди исталган юлдуз билан шартнома имзолай олади. Футболчининг ўзи ўтишни хоҳласа бас, клуб бу масалани ҳал қилади. Криштианунинг трансферидан кейин Саудия Арабистони чемпионати обрўси ошди.

Месси? Унинг ўтиши ҳақида менда инсайдлар йўқ, аммо Саудия Арабистони бу ўтишни осонлик билан амалга ошира олади. Бу ерда пулни санаб ўтиришмайди. Криштиануни исташди - у шу ерда. Ҳаммаси Мессининг ўзига боғлиқ.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 13:07, 21.02.2023.
Ўқилди: 11712 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.