Якшанба куни Лондондаги "Уэбли" стадионида жорий мавсумдаги турнирларнинг илк финали бўлиб ўтади. Унда "МЮ" ва "Ньюкасл" клублари Англия лига кубоги бош соврини учун баҳс олиб боради. Сўнгги хабарларга кўра, "Манчестер Юнайтед"нинг тўпурар ҳужумчиси Маркус Рэшфорд, ушбу учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. 25 ёшли футболчи "Барселона"га қарши баҳсда ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли майдонни тарк этганди. Рэшфорд бу мавсумда 24 та голга муаллифлик қилишга улгурди.
У ўша ўйиндан кейин ижтимоий тармоқларидаги саҳифасига расм жойлади. Унда футболчи ўнг оёқ бутсасини қўлга олганча, туннелдан кириб кетаётгани тасвирланган. Бу нарса кўплаб мухлисларда хавотир уйғота бошлади. Негаки, у якшанба кунги финални ўтказиб юбориши мумкин. Шунга қарамай, жамоа устози Эрик тен Хагда Рэшфордсиз ҳам яхши ўйин кўрсата оладиган футболчилар танлови бор. Нидерландиялик мутахассисга "МЮ"даги илк титулни қўлга киритиш учун энг кучли вакиллардан ташкил қилинган ўн битталик керак бўлади. Негаки, бу жамоа сўнгги олти йилда ҳеч вақо юта олмай келмоқда.
Демак, тахминларга ўтамиз. Рэшфорд бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, ҳужумда Ваут Вегхорст ҳаракат қилади. Аммо чап қанотни Рэшфордсиз қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Чап учун Жейдон Санчо битта вариант. У ҳар икки қанотда ҳаракат қилишга қодир. Аммо Бруну Фернандеш ҳам ўша қанотда ўйнаб бера олади. Ўнг учун эса Алехандро Гарначо ва Антони кураш олиб боради. Марказда 4-3-3 тактик схемаси учун Каземиро, Сабитцер ва Фред триоси танлаб олинади.
Ҳимоя, қанотларда Люк Шоу ва Ван-Биссака билан, марказда Рафаэль Варан ва Лисандро Мартинеслардан тузилади. Шунингдек, Мартинесни Харри Магуайр, Ван-Биссакани эса Диегу Далот алмаштириши ҳам мумкин. Люк Шоуга эса чап қанотда Тирелл Маласия рақобат уюштиради. Кимларни қай услубда танлашдан қатъий назар, дарвоза соҳасини Давид Де Хеа ҳимоя қилади. Юқоридаги услубиятлардан "Ньюкасл" учун энг маъқулини танлаб олиш Эрик тен Хагга боғлиқ. Соврин ютиш учун танловларни тўғри қилиш талаб этилади.
ИСМАТОВ Ж.