4 сентябрь куни ЎФФ Терма жамоалар маркази селекционер-мураббийлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
ЎФФ Терма жамоалар маркази қошидаги селекционер-мураббийлар кенгаши жойлардаги футбол тараққиёти, жумладан, турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаларига номзод футболчиларнинг ривожини назорат қилиб боради. 4 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий эътибор бу борада олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигига қаратилди.
ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов, техник-директори Рустам Акрамов ҳамда маслаҳатчи-мураббийи Вячеслав Солохо раҳбарлик қилган йиғилишда, селекционер-мураббийлар кенгаши ўз олдига икки жиҳатни – биринчидан, терма жамоаларга номзод футболчиларнинг маҳоратларини индивидуал режа асосида ошириш, иккинчидан, иқтидорли футболчиларни топиш, фаол селекция ишларини олиб боришни мақсад қилиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, жойларда ишлаётган селекционер-мураббийлар юқори малакали бўлишлари кераклиги уқтирилди.
ЎФФ Терма жамоалар маркази маслаҳатчи-мураббийи Вячеслав Солохонинг сўзларига кўра, кенгаш тузилмасида ўзгариш бўлиши кутилмоқда. «Бунгача бизда ҳар бир вилоят бўйича алоҳида селекционер бор эди, энди эса биз уларни тўртта минтақага бўлиб чиқамиз. Мисол учун, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари битта минтақа бўлса, водий вилоятларининг ўзи яна битта минтақани ташкил этади. Бу назорат ҳамда кузатувнинг янада изчил бўлиши, кенгаш фаолиятининг янада самарали бўлиши учун амалга оширилмоқда», - деди Солохо.
Солохонинг айтишича, 2012 йилнинг ноябрь ойида 2000 йилда туғилган болалар жамоалари ўртасида мусобақа ташкил этишни режалаштирмоқда. Дастлабки режага кўра, 14 жамоа иштирокида Чиғатойдаги Терма жамоалар техник марказида ўтказиладиган мусобақадан кўзланган мақсад янги иқтидорларни аниқлаш, ёш футболчилар учун бир кўрик ўтказишдир.